Янгиликлар

Вадим Абрамов: «Ҳисоб ўйинга мос бўлди»

Сана: 03.08.2019

Coca Cola Ўзбекистон Кубогининг 1/8 финал босқичидан ўрин олган «Бунёдкор» - «Қизилқум» (3:0) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманини биринчи қисмида мезбонлар устози Вадим Абрамов иштирок этди.

- Бундай иссиқда, қолаверса ҳар икки-уч кунда майдонга тушиш оғирлик қилади. Агар бугунги ўйинимиз чиройли чиқмаган бўлса мухлислардан узр сўраймиз. Биринчи иккита гол сал тушунарсиз ҳолатлардан кейин рақиб дарвозасидан жой олди, учинчи голда ўзимиз вазият ярата олдик. Фикримча, ҳисоб ўйинга мос бўлди.

Ўйиндаги ўзгаришлар тактик схемалар билан боғлиқ. Қолаверса, бундай иссиқда ўйнаш осон эмас. Шунинг учун тактик ўзгариш қилиб, кучни тенг тақсимлашга ҳаракат қилдик. Мавсумнинг иккинчи қисмидаги уч ўйинда ғалаба қозондик. «Юришимиз» шу тариқа давом этишини хоҳлаймиз, аммо футболда «спад»га тушмайдиган жамоа бўлмайди. Навбатдаги турда бизни қийин сафар ўйини кутиб турибди. Ундан яна Кубок баҳси ва «Локомотив»га қарши учрашувлар бор. Айнан шу беллашувларда «спад»ни минимумлаштиришга ҳаракат қиламиз.