Янгиликлар

Даврон Файзиев: «Мағлубиятни тан олиш ҳам мардлик»

Сана: 29.06.2019

Соса Соlа Суперлиганинг 13-туридан ўрин олган «Динамо» - «Бунёдкор» (1:2) учрашувидан кейин мезбонлар устози Даврон Файзиев ОАВ ходимларининг саволларига жавоб қайтарди.

- Бугун стадионга ташриф буюриб, бизни қўллаб-қувватлаган ишқибозлардан узр сўрайман. Худди «Локомотив» билан бўлган учрашувдаги каби ғалаба учун майдонга тушгандик. Қолаверса, «Динамо» «Бунёдкор»га қарши ўз майдонидаги баҳсларни омадсиз ўтказиб келган. Буни ўйиндан олдин ҳам айтгандим. «Бунёдкор» яхши жамоа. Умумий ҳолат бўйича айтадиган бўлсак, бугун яхши ўйин бўлиб ўтди. Ўйлашимча, ўйин дурангга мосроқ эди.

Аввалги учрашувлар билан солиштирадиган бугун йигитлар бироз сустроқ ҳаракат қилди. Сўнгги тўп узатишни амалга оширадиган ўйинчи етишмади. Айнан шу жиҳат ўз сўзини айтди. Лекин йигитларга меҳнати учун раҳмат айтаман! Мағлубиятни ўз бўйнимга оламан.

Марказий ҳимояда иккита жуда қўпол хатога йўл қўйдик. Бу якунда голга олиб келди. Ҳаёт давом этади. Хатолар устида ишлашда давом этамиз. Қолаверса, «Бунёдкор» бугун айрим жиҳатлар бўйича биздан устунлик қилди. Мағлубиятни тан олиш ҳам мардлик.