Янгиликлар

«Nodar Akhalkaci» халқаро мусобақаси. Финал остонасида тўхтатишди

Сана: 31.05.2019

Грузия пойтахти Тблисида давом этаётган «Nodar Akhalkaci» халқаро мусобақасида ярим финал ўйинлари бўлиб ўтди.

Хабар берганимиздек, бугун куннинг иккинчи ярмида Алишер Иброҳимов мураббийлигидаги «қалдирғочларимиз» ярим финал баҳсида «Динамо»га қарши майдонга чиқди. Тарбияланувчиларимизнинг устунлигида ўтган ўйин мезбонларнинг ғалабаси билан якунланди. Учрашувнинг сўнгги дақиқасигача 2:0 ҳисобида ютиб турган «қалдирғочларимиз» ҳакам томонидан ўйинга қўшиб берилган 6 (!) дақиқада 2та гол ўтказиб юборишди. Жисмоний жиҳатдан кучли бўлган майдон эгалари ўйин борасида тарбияланувчиларимизни енга олмаган бўлса-да, стандартдан урилган иккита гол эвазига мағлубиятни дурангга айлантиришди. Аламлиси, айтганимиздек, голларнинг ҳар иккиси ҳам қўшиб берилган 6 дақиқада дарвозамиздан жой олди. Пенальтилар сериясида омад «Динамо»га кулиб боқди - 1:3.

Ушбу аламли мағлубиятдан кейин болалар майдонни кўз ёшлари билан тарк этди. Бунга гувоҳ бўлган «Динамо» академияси раҳбари «Бунёдкор-2009»га иштирок учун миннатдорчилик билдириб, аслида финалда қатнашиш учун лойиқ эканлигини алоҳида таъкидлади. Учрашувнинг бош ҳаками эса, ўйинда йўл қўйган хатолари учун жамоа аъзоларидан кечирим сўради.

Эртага жамоамиз 3-ўрин учун баҳсда майдонга тушади.