Янгиликлар

Жасур Жалолиддинов тақдирланди

Сана: 08.04.2019

«Бунёдкор» академияси ёш иқтидорларга бой. Оддий мисол, ушбу мавсум жамоамизнинг асосий таркибини академия тарбияланувчилари ташкил қилмоқда. Хусусан, Суперлиганинг 3-турида «Навбаҳор» дарвозасига биринчи голни урган Жасурбек Жалолиддинов нафақат жамоанинг, балки Суперлиганинг ҳам энг ёш ўйинчиларидан биридир.

2002 йилнинг 15 май санасида таваллуд топган футболчимиз Фарғонадаги баҳсда Суперлигадаги илк голини киритди. Бу ёшда «Бунёдкор»дек жамоанинг асосий таркибидан жой олиш ва гол уриш ҳар қандай футболчига ҳам насиб қилавермайди. Жасурбекдек ўйинчиларнинг Суперлигада ўйнаши академиянинг фаолияти тўғри йўлдалиги, мураббийлар штабининг эса, ёш иқтидорларни ўз вақтида кўра олаётганидан дарак беради.

«Бунёдкор» бугун тушдан сўнг «Навбаҳор»га қарши ўйиндан кейинги илк машғулотини ўтказди. Машғулотдан аввал «Бунёдкор» мухлислар клуби етакчилари Жасурбек Жалолиддинов Суперлигадаги биринчи голи билан ўзига хос тарзда тақдирлади. Кутилмаган эътирофдан хурсанд бўлган Жасурбек мухлислар, мураббийлар ва жамоадошларига ўз миннатдорчилигини билдириб, бундан кейин ҳам ўз устида тинмай ишлашда давом этишини, янада яхшироқ ҳаракат қилиб, «Бунёдкор»нинг муваффақиятига ўз ҳиссасини қўшишини таъкидлади.

Биз ҳам Жасурбек Жалолиддиновнинг фаолиятига омад тилаймиз!