Янгиликлар

Биринчи тиббий ёрдам – футболнинг асосий қисми!

Сана: 14.03.2019

Ўз олдига доим юқори мақсадларни қўядиган «Бунёдкор» ривожланиш йўлида футболдаги барча жиҳатларга эътибор қаратиб келиши билан ажралиб туради. Жумладан, бугун жамоанинг барча ходимлари ва аъзолари учун «Футбол тиббиётидаги асосий муаммолар» мавзусида семинар ўтказилди. Зеро, жароҳат олган ўйинчига кўрсатиладиган биринчи ёрдам ўта муҳим аҳамият касб этади. Биринчи ёрдамни нафақат шифокорлар, балки бошқа ходимлар ҳам бера олиши эса ҳар қандай жамоанинг ютуғи саналади.

Семинарда маъруза ўқиган «Бунёдкор» футбол клуби академияси тиббиёт маркази раҳбари Отабек Муслимов футбол майдонидаги биринчи тиббий ёрдам қандай кўрсатилишини тўлиқ тушунтириб берди. Агар биринчи ёрдам нотўғри кўрсатилса бу қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги борасида айтиб ўтилди.

Қолаверса, замонавий футбол тиббиётида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги, қандай ишлар бажарилиши кераклиги бўйича тушунтиришлар берилди. Бундан ташқари, футбол тиббиётидаги камчиликлар ҳақида ҳам сўз юритилди.