Янгиликлар

Миржалол Қосимов: “Ғалабамизни марҳум мухлисимиз хотирасига бағишлаймиз”. ВИДЕО

Сана: 11.04.2018

“Бунёдкор” – “Металлург” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “қалдирғочлар” устози қатнашди.

- Бугунги ғалабамизни жамоамизнинг марҳум мухлисимиз Мамадали хожи ота Турдиалиевнинг хотирасига бағишлаймиз. У киши асли жиззахлик бўлишларига қарамасдан жамоамизнинг нафақат уйдаги, балки сафардаги баҳсларини ҳам ўтказиб юбормас эдилар. Охиратлари обод бўлсин. Уларнинг яқинларига, оила аъзоларига жамоамиз номидан ҳамдардлик билдирамиз.
Бевосита ўйинга тўхталадиган бўлсам, қизиқарли ўтган ўйинда ҳақли равишда ғалаба қозондик. Лекин ютуқни осонликча қўлга киритдик, демаган бўлардим. Рақиб ҳимояланиб, асосан қарши ҳужумларга урғу берган ҳолда тўп тепди. Бундай услуб ҳар қандай рақибга муаммолар туғдиради. Биринчи бўлимни яхши ўтказган бўлсак-да, якуний зарбаларда аниқлик етишмади. Иккинчи бўлимда эса меҳнатимизга яраша мукофот олдик. Футболчиларимиз чиройли ўйнашга ҳаракат қилишяпти ва шу орқали мухлисларни хушнуд этишмоқда. Жамоанинг ҳозирги ҳолати қандай бўлишидан қатъиназар, “Бунёдкор” ўз савиясидан пастга тушиши керак эмас. Ҳаёт бир текисда давом этмайди. Лекин инсон доимо юқори марраларга интилиб, меҳнат қилишдан тўхтамаслиги лозим, - дейди Миржалол Қўшоқович.