Янгиликлар

Миржалол Қосимов: “Баҳс охирларида ўз ўйинимизни топдик ва ғалабага эришдик”

Сана: 06.04.2018

“Қизилқум” – “Бунёдкор” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида “қалдирғочлар” иштирок этишди.

- “Қизилқум”га қарши қийин учрашувни ўтказдик. Рақиб жамоа таркиби тажрибали футболчилардан ташкил топган. Мезбонлар қарши ҳужумларда фаол ўйин кўрсатишиб, бизга етарли муаммолар туғдиришди. Айниқса, биринчи бўлим сўнггида Дониёр Усмоновнинг зарбасидан кейин тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Билмадим, ўша вазият гол бўлганида қолган дақиқалар қандай тус оларди... Фикримча, 60-дақиқалардан кейин ўз ўйинимизни топдик ва учрашув боришини назорат қилдик. Ўйинимизни ижобий томонга ўзгартиришимиз натижасида, гол уришга ҳам эришдик ва муҳим ғалабани қўлга киритдик. Умуман олганда, учрашув дурангга мос эди. Бироқ ўйин охирларидаги ҳаракатларимиз ғалабамиз омили бўлди. “Қизилқум”га қарши ўйин энди тарихда қолди. Бу баҳсни унутиб, кейинги учрашувлар ҳақида бош қотиришимиз керак, - дейди “Бунёдкор” бош мураббийи Миржалол Қосимов.