Янгиликлар

Ёш “қалдирғочлар” "Chacha Navruz Cup"-2018 турнири ғолиби!

Сана: 28.03.2018

Тўрт кун мобайнида болаларга хушкайфият улашган "Chacha Navruz Cup"-2018 футбол мусобақаси ўз ниҳоясига етди. 68та жамоа иштирок этган мазкур мусобақа ёш футболчилар учун ҳақиқий байрам ҳавосини улашди. Бунда бўлажак юлдузлар бўлиб ўтган ўйинларда завқ олиш билан бирга катта тажриба тўплашди.

Айтиш жоизки, бундай йирик фестивал Тошкент шаҳар футбол федерацияси томонидан илк марта ташкил қилинди. Мусобақада пойтахт жамоаларидан ташқари, қўшни Қозоғистон Республикасидан вакил, шунингдек ўзимизнинг водийдан, Самарқанд, Қарши, Навоий ва Жиззахдан ҳам жамоалар иштирок этишди.

2006 йилда туғилган футболчилар мусобақа шаклида ўйинларни ўтказган бўлса, 2007, 2008, 2009 ва 2010 йилларда туғилган футболчилар учун "Chacha Navruz Cup"-2018 фестивал тартибида ўтказилди. 2006 йилги футболчилар ўртасидаги ярим финал ва финал баҳслари жуда қизғин кечди. Ярим финалда "Бунёдкор" "Навбаҳор"ни мағлуб этган бўлса, "Пахтакор" (Тошкент) Сурхондарёнинг "Пахтакор" жамоасидан устун келди.

"Бунёдкор" стадиони ҳудудидаги майдонда ярим финаллардан сўнг дастлаб 3-ўрин учун баҳс ўтказилди. Бунда "Навбаҳор" футболчилари Сурхондарё жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этишди. Ҳал қилувчи финал ўйинида эса Тошкентнинг икки клуби - "Пахтакор" ва "Бунёдкор" тарбияланувчилари ўзаро баҳс олиб боришди. Муросасиз курашлар остида кечган учрашувда "Бунёдкор" 3:2 ҳисобида рақибидан устун келди. Шу тариқа "Бунёдкор" тарбияланувчилари "Chacha Navruz Cup"-2018 мусобақаси ғолиблигини қўлга киритишди.

Ғолиб жамоа - "Бунёдкор" академияси тарбияланувчиларини тақдирлаш тадбирнинг энг кульминацион воқеаси бўлди. Тошкент шаҳар футбол федерацияси вице-президенти Нодирхўжа Юлдашев ғолиб жамоага бош соврин - кубокни топшираётган маҳал майдон бўйлаб машҳур “Queen” гуруҳининг энг машҳур қўшиғи “We are the Champions” янграб турар, бу эса нафақат болакайларнинг, балки атрофдагиларнинг ҳам қалбини ўйнатиб юборди.

Жамоа сардори кубокни боши узра кўтариши ҳамоноқ икки ёндан зарлар салюти бошланди. Худди Чемпионлар лигаси финалида бўлгани каби. Очиғи, мусобақанинг бундай якунини ҳеч ким кутмаганди. Ёш "қалдирғочлар" чемпионликни маза қилиб нишонлашди. Улар майдон бўйлаб кубокни кўтарган ҳолда югурар, атрофда йиғилган томошабинлар ҳамда ота-оналар чемпионларни тинмай суратга туширишарди...