Янгиликлар

“Оливер Кан академияси” мутахассислари “Бунёдкор”га ташриф буюришди

Сана: 19.03.2018

Германиялик афсонавий дарвозабон Оливер Кан академияси мутахассислари шу кунларда юртимизда бўлиб туришибди.

ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов таклифига кўра, юртимизга ташриф буюрган германиялик мутахассислар бугун “Бунёдкор” стадиони ва академиясини кўздан кечиришди.

Европалик меҳмонларни “Бунёдкор” футбол клуби бош директори Муроджон Алиев илиқ кутиб олди ва уларни “Бунёдкор” стадиони ва академиясида яратилган шароитлар билан таништирди.

Оливер Кан академияси ижрочи директори Мориц Маттес ва менежер Роберт Ниеманн “Бунёдкор” стадионига ва академиясига юксак баҳо беришаркан, бундай шарт шароитларга нафақат Осиё мамлакатлари балки Европанинг кўзга кўринган давлатлари ҳам ҳавас билан қарашини алоҳида қайд этишди.

Германиялик мутахассислар “Бунёдкор” футбол академияси иш услуби билан яқиндан танишиб чиқишиб, баъзи жабҳалар ва йўналишларда ўзларининг тегишли маслаҳатларини беришди.