Янгиликлар

“Бунёдкор” тарбияланувчилари Россиядаги халқаро турнир совриндори

Сана: 20.11.2017

13-18 ноябрь кунлари Россия пойтахти Москва шаҳрида К.И.Бесков хотирасига бағишланган XII халқаро мусобақа бўлиб ўтди.

Мозийнинг ажойиб футболчиси ва мураббийи бўлмиш Константин Иванович Бесков хотирасига бағишлаб ўтказилган мусобақада 2004 йилда таваллуд топган футболчилардан иборат саккизта жамоа иштирок этди. Унда “Спартак”, “Динамо”, “Локомотив” ва ЦСКА (барчаси – Москва), “Анжи” (Маҳачқалъал), “Кубань” (Краснодар), “Бунёдкор” (Тошкент) ҳамда Егорьевск вилояти футбол мактаби тарбияланувчилари иштирок этишди.

Отабек Ғуломхўжаев ва Миркамол Қосимов бошчилигидаги “Бунёдкор” тарбияланувчилари биринчи турда “Локомотив” футболчиларига 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди. Иккинчи баҳсда ўсмирларимиз ЦСКА футбол мактабидаги тенгқурлари билан жангавор дуранг қайд этишди – 2:2. Вакилларимиз гуруҳнинг сўнгги ўйинида Егорьевск вилояти футбол мактаби тарбияланувчиларидан 2:1 ҳисобида устун келишди ва иккинчи ўрин билан ярим финалга йўлланма олишди.

Финал йўлланмаси учун “Бунёдкор-2004” вакиллари Москва спартакчилари билан куч синашишди. Қизиқарли кечган баҳснинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. Пенальтилар сериясида эса омад мезбонларга кулиб боқди – 5:6.

Учинчи ўрин учун кечган ўйинда “Бунёдкор” гуруҳ босқичидаги рақиби “Локомотив” билан беллашди. Бу сафар Отабек Ғуломхўжаев ва Миркамол Қосимов шогирдлари рақибларидан реванш олишни уддасидан чиқишди – 4:3.

Шу тариқа, “Бунёдкор” футбол мактабининг 2004 йилда таваллуд топган тарбияланувчилари К.И.Бесков хотирасига бағишлаб Москвада ўтказилган XIII халқаро мусобақанинг бронза медалларини қўлга киритди.