Янгиликлар

Тарбияланувчиларимиз Қозоғистондан бош соврин билан қайтишди!

Сана: 08.11.2017

Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида 2006 йилда таваллуд топган болалар ўртасида халқаро турнир бўлиб ўтди.

Унда Қозоғистоннинг турли шаҳарларидан ташриф буюрган 9 жамоа қаторида Акмал Рисқуллаев бошқарувидаги тарбияланувчиларимиз ҳам иштирок этишди. Дастлаб жамоалар 2 гуруҳга бўлинди ва ундаги ўйинлар натижасига кўра гуруҳ ғолиблари финал иштирокчисига айланишди. Ёш қалдирғочлар гуруҳ баҳсларида Олма-отанинг “Феникс” (3:0) ва “Қайрат” (2:1) жамоалари, “Олтой” (3:2) ҳамда Остонанинг “Eagles” (7:0) клубларини мағлуб этиб, финалга йўл олишди.

Бош соврин учун баҳсда уларга мезбонлар – “Аристан” жамоаси рўбарў келди. Ҳал қилувчи баҳсни кўтаринки руҳда ўтказган тарбияланувчиларимиз 4:0 ҳисобида зафар қучишди ва бош совринни қўлга киритишди. Шу тариқа “Бунёдкор-2006” халқаро майдонда юртимиз шарафини яна бир бор муносиб ҳимоя қилди.