Янгиликлар

“Бунёдкор” тарбияланувчилари – халқаро мусобақа ғолиби!

Сана: 27.10.2017

Бухоро шаҳрида 2006 йилда таваллуд топган футболчилар ўртасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Анатолий Чернов хотира турнири ташкил этилди. Унда мезбон жамоалар – БЎФМ-28, “Бухоро” ПФК, пойтахт клублари “Бунёдкор-А”, “Бунёдкор-Б”, БЎСМ-7, “Пахтакор-РОЗК”, шунингдек “Янгиер” ФМ, “Шўртан” ФМ, “Қўқон-1912”, БЎСМ-1 (Наманган), БЎСМ-1 (Самарқанд) ҳамда Қирғизистоннинг “Интимак” футбол мактаблари иштирок этишди. 12 жамоа 4 гуруҳга бўлинган холда бош соврин учун кураш олиб боришди. Акмал Рисқуллаев мураббийлик қилаётган “Бунёдкор-А” гуруҳ баҳсларида “Шўртан”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, мезбонлар – “Бухоро” ПФК билан 1:1 ҳисобида дуранг натижа қайд этди ва ярим финалга йўл олди. Бу босқичда тарбияланувчиларимизга яна бир мезбон жамоа – БЎФМ-28 рўбарў келди ва бу сафар йирик ҳисобда ғалаба қозонилди – 6:0!

Иккинчи финал иштирокчиси азалий рақиб - “Пахтакор-РОЗК” бўлди. Ёш пахтакорчилар ярим финалда ягона ҳорижий иштирокчини 2:1 ҳисобда мағлуб этгандилар. Мусобақа финалини кўтаринки руҳда ўтказган Акмал Рисқуллаев шогирдлари финалда ҳам йирик - 3:0 ҳисобида зафар қучишди ва бош соврин эгаси бўлишди!

Яна бир тарбияланувчиларимиз – “Бунёдкор-Б” жамоаси мусобақани 5-ўринда якунлади.