Янгиликлар

“Бунёдкор” тарбияланувчилари Болгариядаги турнирда ғолиб чиқишди

Сана: 28.08.2017

Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Болгарияда болалар ва ўсмирлар ўртасида йирик халқаро турнир ўтказилмоқда.

Болгариянинг Бяла ва Обзор шаҳарларида ўтаётган мусобақада “Бунёдкор” футбол мактабининг 2006 ва 2008 йилларда таваллуд топган тарбияланувчилари гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлашиб, ярим финалга йўлланма олишганди.

Акмал Рисқуллаев бошчилигидаги 2006 йилда таваллуд топган “Бунёдкор-А” жамоаси Молдавиянинг “Дачия” клубини 6:2 ҳисобида мағлубиятга учратишиб, финал йўлланмасини қўлга киритишди. Абдумалик Раҳимов бошқарувидаги “Бунёдкор-Б” вакиллари эса Россиянинг “Дмитровград 1947” футбол мактаби тарбияланувчиларидан 3:1 ҳисобида устун келди.

Шу тариқа, ҳал қилувчи финал баҳсида “Бунёдкор-2006”нинг иккала жамоаси ўзаро беллашди. Унда Акмал Рисқуллаев бошчилигидаги “Бунёдкор-А” 4:2 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақа ғолиблигини қўлга киритди.

2008 йилда таваллуд топган футболчилар ўртасидаги турнирда 6та жамоа бир-бирлари билан ўзаро ўйин ўтказиб, якунда энг кўп очко жамғарган жамоа ғолибликни қўлга киритиши турнир низомида белгилаб қўйилганди. Унга кўра, Абдужаббор Маъруфалиев ва Фурқат Самегов бошчилигидаги тарбияланувчиларимиз иккинчи ўринни қўлга киритишди.