Янгиликлар

  • Футбол ёшлик, футбол саломатликдир

  • Сана: 02.04.2015
  • Халқимиз азалдан фарзанд тарбиясига жиддий эътибор қаратади. Фарзанд дунёга келган кундан бошлаб унга оламдаги барча яхши нарсаларни илинади. Кимдир фазандини касб-ҳунар эгаси бўлишини хоҳласа, яна кимдир менинг болам полвон, спортчи бўлади деб ният қилади. Замон ўзгариши билан орзу-истаклар ҳам ўзгариб бормоқда.

    Бундан йигирма-ўттиз йил аввал боласи копток тепишга қизиқса, бунга кўпчилик қарши бўлган. «Энди бир ками Али аканинг ...дай коптокнинг ортидан югурмаганинг қолувди», деган гапларни кўпчилигимиз оталаримиздан эшитганмиз. Бугунги-чи, футбол спорт тури миллионларни эмас, ҳатто миллиард халқнинг эътиборини ўзига тортди, ўзига ошно қилди. Бутун дунё ҳар куни футбол томоша қиладиган бўлди. Шу ҳақда ёзадиган, гапирадиган ҳам кўп. Футболни одамлардан тортиб олишнинг энди умуман имкони йўқ. Эндиликда ота-оналар ҳам ўғлини футболчи бўлишини ўзи истаяпти ва махсус мактабларга ўз ихтиёрлари билан етаклаб боряптилар.



    Бугун Ўзбекистон ҳам футбол мамлакатика айланди. Юртимизнинг қайси гўшасига борманг, спорт майдончаларида болаларнинг копток ўйнаётганларига дуч келасиз. Ҳар куни қайсидир маҳаллада янги футбол стадиони қуриляпти. Бу эса ўз навбатида ёшлар ўртасида футболнинг оммавийлигини оширишга катта ҳисса қўшаётир.

    Аҳоли кенг қатламлари орасида жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, айниқса, болалар спортини, шу жумладан, болалар футболини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Президентимизнинг 2006 йил 1 майда қабул қилинган "Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида«ги ҳамда 2011 йил 19 январда қабул қилинган «2011-2013 йилларда Республикада футболни ривожлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари бу борадаги ютуқларимиз салмоғини янада оширишга хизмат қиляпти. Ушбу қарорларда юртимизда янги стадионлар барпо этиш, борини реконструкция қилиш баробарида болалар ва ўсмирлар футбол мактабларини зарур спорт инвентарлари ва малакали мураббийлар билан таъминлаш муҳим вазифа қилиб қўйилган.



    Мазкур қарорлар ижросини таъминлаш юзасидан республикамиз бўйлаб сўнгти йилларда кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Жумладан, мамлакатимизда профессионал футбол клублари қошида футбол мактаблари бўлиши шарт қилиб белгиланди. Уларнинг моддий-техник базалари зарур спорт анжомлари билан таъминланмоқда. Айни пайтда жойларларда барча имконитларни ўзида мужасссам қилган болалар футбол мактаблари, академиялар барпо этилмоқда. «Насаф», «Машъал», «Пахтакор», «Бунёдкор» футбол клублари қошидаги мактаблар шулар жумласидандир. Бу масканларда фарзандларимизнинг миллионлар ўйини сир-синоатларини мукаммал эгаллашларига барча замонаий шарт-шароитлар муҳайё этилган.

    Болалар футболи футболимиз келажагининг пойдевори бўлиб хизмат қилиши керак. Афсуски, ҳамма профессионал клубларимиз ҳам ўз академияларига эга эмас. Шу боис барча ёшдаги терма жамоларимизга ҳам айнан юқорида номлари келтирилган клубларнинг тарбияланувчилари кўпчиликни ташкил этмоқда.

    Пойтахтимиз кўркига кўрк қўшиб турган «Бунёдкор» спорт комплекси миллатимиз куч-қудрати, салоҳиятидан дарак беради. Мазкур арена ва унинг имкониятлари дунёнинг энг ҳашаматли футбол стадионлари билан бемалол тенглаша олади. Аммо ҳозир бу ҳақда эмас, унинг футбол академияси имкониятлари ва унда тарбияланаётган ёш футболчиларга берилаётган эътибор хусусида тўхталамиз.



    «Бунёдкор» футбол клуби қошидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактаби 2007 йилнинг 26 январидан бошлаб фаолият олиб бормоқда. 2012 йилдан бошлаб эса барча шароитларга эга замонавий футбол мактабига кўчиб ўтилди. Ҳозирда 1997- 2008 йиллар орасида таваллуд топган 520 нафар бола миллионлар ўйини сир-асрорларини ўрганишмоқда. Мактабга болалар 6 ёшдан саралаб олинади. Машғулотлар барча учун бепул. Болаларга мамлакатимиздаги энг малакали мураббийлар футбол сирларини ўргатишмоқда. Уларнинг кўпчилиги аввал профессионал футболда тўп суришган. 10-15 нафар болага иккита муррабий бириктирилган. Дарслар кунора 1,5 саот давом этади. 6 ёшдан мактабга жалб этилган болаларнинг имкониятлари дастлабки йилда синовдан ўтказилмайди. Аммо уларнинг ривожланишини муррабийлар кузатиб боришади. Иккинчи ўқув йилидан эса ҳар икки ойда бир маротаба ички назорат синовлари ўтказилиб турилади. Мазкур жараёнда боланинг тезлиги ва футболнинг бошланғич элементларини ўзлаштириши аниқлаб олинади.

    Мактаб тасарруфида машғулотларни ўтказиш учун еттита футбол майдони қурилган. Улардан учтасига сунъий қопламали чим ётқизилган. Сунъий майдон қиш фаслида ҳам машғулотларни олиб бориш имкониятини беради. Бундан ташқари, машғулотлар ўтказишга мўлжалланган битта ёпиқ спорт зали, ёпиқ сузиш ҳавзаси, тренажёр хоналари болалар ихтиёрида. Сузиш ҳавзаси ҳамда тренажёр залларидаги машғулотлар ҳам малакали мутахассислар томонидан олиб борилади. Болаларга ёшига қараб юкламалар, машқлар бериб борилади. Шунингдек, ёш футболчиларнинг соғлиғи ҳам мактаб шифокорларининг доимий назоратида. Улар боланинг тўғри ривожланиши учун зарур озиқ-овқат ва витаминларни доимий тавсия этиб боришади. Болалар 12 ёшга тўлганидан кейин академияга сараланиб олинади. Унда ўқиш учун фақат клуб мактабида тарбияланганлар эмас, балки мамлакатимизнинг бошқа футбол мактабларида таҳсил олаётган, «Бунёдкор» футбол мактаби мураббийлари назарига тушганлар ҳам сараланиб олинади. Шу боис ҳам футбол клуби вилоят, туманларда ҳар йили турнирлар ташкил қиляпти. Мазкур турнирларда ўзининг иқтидорини намойиш этган футболчилар сараланиб, академияга ўқишга таклиф этилади. Вилоятдан академияга ўқишга келган ўқувчилар ётоқхона билан таъминланади. Шунингдек, уларнинг доимий яшаш харажатлари мактаб томонидан қопланади. Академияда шуғулланаётган болаларга амалий машқлардан ташқари назарий билимлар ҳам берилади. Бу борада ўқув биносидаги синф хоналарида барча имкониятлар мавжуд. Ўқув хоналари энг сўнгги русумдаги компьютерлар, лигафонлар, мультимедия анжомлари билан жиҳозланган.



    Футбол клуби раҳбарияти давлатимз томонидан яратиб берилган бундай имкониятлардан оқилона фойдаланиш ҳамда малакали, профессионал футболчиларни тайёрлаш мақсадида болалар ва ўсмирлар футбол мактабининг 2020 йилгача бўлган иш режасини ишлаб чиққан. Унга кўра, мактаб мураббийлари малакасини халқаро талаблар даражасига етказиш, хорижий мамлакатларга малака оширишга юбориш, шу билан бирга, хориждан юқори савиядаги болалар мураббийларини таклиф этиш белгиланган.

    Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби олдига қўйилган асосий вазифа юқори малакали футболчиларни «Бунёдкор» футбол клубининг асосий таркибига ҳамда Ўзбекистон ўсмирлар, ёшлар, олимпия ва миллий терма жамоасига тайёрлаб беришдан иборатдир. Шунингдек, бу ерда таҳсил олган футболчилар ўзининг ватанпарварлиги, ғалабага чанқоқлиги билан ҳам бошқалардан ажралиб туриши шарт.

    2012 йилдан буён футболчилар юқори олти ёш тоифада Тошкент шаҳар биринчилигида “Бунёдкор-1” ва “Бунёдкор-2” номлари остида қатнашаётир. Тарбияланувчилар ўзларининг уй учрашувларини мактаб майдонларида ўтказади.



    Академияда футболдан сабоқ олаётган болаларнинг ёшлигидан халқаро тажрибасини оширишга ҳам жиддий эътибор қаратиляпти. Тарбияланувчилар хорижий давлатларда ташкил этилаётган турнирларда мунтазам иштирок этиб келмоқда. Ўтган 2014 йилда ана шундай турнирлардан бири Жанубий Кореяда ташкил этилганди. Ушбу давлатнинг Инчеон шаҳрида ўтказилган “Ari sports Cup International Youth U-15 Football Tournament” мусобақасида «Бунёдкор» академиясининг 15 ёшли футболчилари иштирок этишди. Турнирнинг гуруҳ босқичида Хитой вакилларини йирик 4:0, маҳаллий “Конвондо” жамоасини 2:1 ҳисобида мағлубията учратган ёш «Қалдирғочлар»имиз финалда Шимолий Корея терма жамоасига мағлуб бўлди. Якунда ёш футболчиларимиз кумуш медаллари билан ортга қайтди. Жорий йилда Хитойнинг Чэнду шаҳрида U-15 ёш тоифасидаги футболчилар ўртасидаги халқаро турнирда Отабек Ғуломхўжаев мураббийлигидаги 2000 йилда туғилган болалар муваффақиятли иштирок этиб бош совринни қўлга киритишди. Футболчиларда халқаро тажриба кўникмасини шакллантириб бориш жуда муҳим. Кейинчалик ушбу тажриба уларга асқотиши табиий. Буни яхши англаган мактаб раҳбарияти йилида икки марта ҳар бир ёш тоифасидаги жамоаларни халқаро турнирларга юборишни режалаштирган.

    Мухтасар айтганда, миллий футболни ривожлантиришдаги бугунги саъй-ҳаракатлар эртага жаҳон ареналарини забт этишда замин ҳозирлайди.

    Жобир Хўжақулов,
    «Нurriyat» мухбири

Мавзуга оид бошқа хабарлар