Янгиликлар

  • Лауреатлар:Сколари ўз «ҳисоби»ни очди

  • Сана: 11.08.2009
  • Автор: INTERFUTBOL.UZ
    10.08.2009 10:09
    Миллий чемпионатимизда танаффус юзага келганлиги боис, июль ойида бироз «жимжитлик» ҳукм сурди, ўтказилган 5та учрашувни ҳисобга олмаганда.

    Улар ҳам «Бунёдкор» ва «Пахтакор» иштирокидаги кечиктирилган ҳамда олдинга сурилган, шунингдек, Ўзбекистон кубоги доирасидаги чорак финал, ярим финал баҳслари эди. Хабарингиз бор, кузда Мисрда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган Аҳмад Убайдуллаев устозлигидаги ёшлар терма жамоамиз (U-20) Испанияда ўқув-машғулотлар йиғинини ўтказиб, бир қатор ўртоқлик учрашувларида иштирок этди. Марат Кабаев қўл остидаги ёшларимиз (U-19) эса Австрия йиғинида бўлишди. Июль ойининг энг яхшиларини ушбу ўйинлар натижаларига назар солган ҳолда аниқладик.

    Мураббийлар орасидан «Бунёдкор»нинг янги устози Луиз Фелипе Сколари лауреат, деб топилди. Бразилиялик таниқли мутахассиснинг мамлакатимизда иш бошлаганига эндигина бир ойдан ўтди. Шунга қарамай, қисқа вақт ичида у ўзининг кучли мутахассис эканлигини исботлай олди. Ўтган ойда «қалдирғочлар» Сколари қўл остида 4та учрашувда майдонга тушиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонишди. 

    Шунингдек, «Бунёдкор» ўтган ойда Ўзбекистон кубоги финал йўлланмасини ҳам расмийлаштирди. Қисқаси, жаҳон миқёсида тан олинган бразилиялик мураббий июль ойида барча жабҳаларда ҳамкасбларини ортда қолдиришга муяссар бўлди ва газетамиз сўровида илк марта ғолибликни қўлга киритди. Футбол ибораси билан айт ганда, Сколари ўз «ҳисоби»ни очди.

    Иккинчи ўрин Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-20) устози Аҳмад Убайдуллаевга насиб этди. Юқорида келтириб ўтганимиздек, ёшларимиз июль ойида Испаниянинг Барселона шаҳрида ўқув-машғулотлар йиғини ташкиллаштиришди. Унда 4та ўртоқлик учрашувида майдонга тушган ёшларимиз барча рақибларини доғда қолдиришга эришишди. Ёшлар термамиз билан куч синашган рақиблар орасида жаҳоннинг машҳур клубларидан бири «Барселона»нинг ёшлар жамоаси, шунингдек, Андорра ёшлар термаси ҳам бор эди. Асосийси, Убайдуллаев ўз шогирдларини ушбу ўйинларга яхши руҳлантира олди. Испания йиғини термамизнинг Миср майдонларида яхши тўп суришига замин яратса, ажабмас.

    Учинчи ўрин «Пахтакор» устози Виктор Жалиловга берилди. Якунига етган ойда «шерлар» жами 5та баҳс ўтказиб (Ўзбекистон кубогида 3та, ички чемпионат доирасида 2та), шундан 3тасида ғалаба қозониб, иккита ўйинда имкониятни бой беришди. Лекин шуниси эътиборлики, «Пахтакор» мамлакатимизда ўз обрўсига эга бўлган «Нефтчи» клубига қарши кечган қийин баҳслардан сўнг Ўзбекистон кубоги финал йўлланмасини қўлга киритди.

    Ниҳоят 4-ўринга «Нефтчи» бош мураббийи Юрий Саркисян сазовор бўлди. Ўтган ойда фарғоналиклар 3та ўйинда (миллий чемпионатда 1та, кубок баҳслари доирасида 2та) биттадан ғалаба, дуранг ва мағлубият қайд этишди. Миллий чемпионатимизнинг 12-тур доирасида азалий рақиб - «Навбаҳор» га қарши Наманганда кечган баҳсда фарғоналиклар дурангга эришишди. Бундан ташқари, Ўзбекистон кубоги ярим финал жавоб баҳсида ўз майдонларида «Пахтакор»ни мағлуб этишди. Гарчи икки ўйин натижасига кўра, «Нефтчи» финалга чиқолмаган бўлсада, у пойтахтликларни жорий мавсумда «Бунёдкор»дан сўнг мағлубиятга учратган иккинчи жамоа бўлди.

    Футболчилар орасида қаторасига иккинчи марта бразилиялик футбол юлдузи Ривалдо лауреат бўлди. У ўтган ойда жамоаси иштирокидаги 4та ўйинда иккита тўп киритиб, битта голга ҳаммуаллифлик қилди. Умуман олганда, дастлабки 7 ойда бўлиб ўтган ўйинларда Ривалдо 15та гол уриб, жамоадошларига 8 марта самарали тўп узатди, яъни уларга гол уриш учун имконият яратиб берди.

    Иккинчи ўрин «Машъал» клуби ва ёшлар термаси (U-20) аъзоси Фозил Мусаевга муносиб кўрилди. Тўғри, ўтган ойда муборакликлар расмий ўйин ўтказишмади. Лекин Фозилнинг ёшлар термасидаги ўйинлари эътибордан четда қолмади. Испаниядаги йиғин доирасида ўтказилган 4та ўртоқлик учрашувида Фозил Мусаев учта тўп киритди. Фақат тўртинчи ўйиндагина Фозилга рақиб дарвозасини ишғол қилиш насиб этмади. Биз Мусаевдан Мисрдаги мундиалда ҳам шундай сермаҳсуллик кутиб қоламиз.

    Учинчи ўринни эса «Пахтакор» ҳужумчиси Фарҳод Тожиевга бердик. Тожиевнинг кенжаси июль ойида бўлиб ўтган ўйинларда 4та гол урди. Фарғоналиклар билан бўлган кубок баҳсининг дастлабки ўйинида айнан Фарҳоднинг «хет-трик»и кўп нарсага ойдинлик киритди.

    Тўртинчи ўрин «Нефтчи» форварди Анвар Бердиевга насиб этди. Тажрибали ҳужумчи Фарғонадаги ўйинда «Пахтакор» дарвозасига учта тўп киритиб, Фарҳоднинг Тошкентдаги натижасини такрорлади. Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, бунгача ҳеч қайси клуб «пахтакорчилар» дарвозасига бир ўйинда иккитадан ортиқ тўп киритолмаганди.

    Шунингдек, ўтган ойда Одил Аҳмедов, Александр Гейнрих (иккаласи - «Пахтакор»), Жасур Ҳасанов, Сервер Жепаров, Хосе - Луис Вильянуэва (барчаси - «Бунёдкор»)лар ҳам фаол ўйин кўрсатишди. Хусусан, «Пахтакор» сардори Аҳмедов барча ўйинларни барқарор ўтказиб, жамоадошларига ўрнак бўлди. Ҳасанов эса «Тошкент дербиси»да майдонда жуда яхши ҳаракат қилиб, учрашув тақдирини ҳал қилган гол муаллифига айланди. Аммо Жасур бошқа ўйинларда шу фаолликни сақлай олмади. Жепаров ва Вильянуэвалар ҳақида ҳам тахминан шундай фикрлар билдириш мумкин.

     
    ойнинг энг яхши мураббийлари
    (июль)

    1. Луиз Фелипе Сколари     («Бунёдкор»)
    2. Аҳмад Убайдуллаев  (Ўзбекистон ё.т.ж.)
    3. Виктор Жалилов              («Пахтакор»)
    4. Юрий Саркисян               («Нефтчи»)

    ойнинг энг яхши футболчилари
    (июль)

    1. Ривалдо                         («Бунёдкор»)
    2. Фозил Мусаев                 («Машъал»)
    3. Фарҳод Тожиев               («Пахтакор»)
    4. Анвар Бердиев               («Нефтчи»)

Мавзуга оид бошқа хабарлар