Янгиликлар

  • Аккредитация якунлари

  • Сана: 13.03.2012
  • 20 февралдан 4 мартгача “Бунёдкор” футбол клуби матбуот хизмати ОАВ вакилларини Осиё Чемпионлар лигаси баҳслари учун аккредитациядан ўтказди.

    “Бунёдкор” футбол клуби журналистларга фақат Осиё Чемпионлар лигаси-2012 турнири учун аккредитация рухсатномаларини бериш билан шуғулланди. Ярим ой давом этган жараён давомида клубимиз матбуот хизмати турли оммавий ахборот воситаларида фаолият юритувчи жами роппа-роса 230 нафар журналистни аккредитациядан ўтказди.

    ОАВ турлари бўйича журналистлар тақсимоти қуйидагича бўлди:
    - Телевидение, ижодий ходимлар – 17 нафар. Уларга RTV тоифасидаги карточкалар топширилган. Бу турдаги рухсатнома учрашув юзасидан бўлган телевидение ҳуқуқларига эга (яъни инглизчада - Rights TV Holders) компания ходимларига берилади. Чемпионлар лигасида Ўзбекистон учун телевидение ҳуқуқларига эга ташкилот – бу Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси. RTV карточкалари МТРКнинг стадионда ўйинни жонли эфирга узатиш билан боғлиқ бўлмаган ходимларига берилади. Яъни, масалан, “Хабарлар”, “Ахборот” ва бошқа информацион дастурлар ёки “Футбол шарҳи”, “Турдан тургача”, каби кўрсатувлардаги спорт журналистларига. Агар бу турдаги рухсатнома соҳиблари футбол майдони атрофига тушишни исташса, улар майдон четидаги ҳудудларга ўтишдан аввал, ўз аккредитация карточкаларини пушти ранг жилеткага алмаштириб, шу жилеткани албатта кийиб олган бўлишлари шарт. Учрашув якунлангач, улар ўз аккредитация карточкаларини мезбон клуб матбуот хизмати вакилларидан олган жилеткаларини қайтариб берганларидан сўнггина оладилар.

    - Телевидение, техник ходимлар – 86 нафар. Уларга HB тоифасидаги карточкалар топширилган. Бу турдаги рухсатнома ОФКнинг маркетинг ҳамкори - World Sport Group компанияси томонидан расмий хост-бродкастер (Host Broadcaster) сифатида белгиланган ташкилот вакилларига берилади. Чемпионлар лигасида Ўзбекистон учун расмий хост-бродкастер ҳам – бу Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси. HB карточкалари МТРКнинг фақатгина стадионда ўйинни жонли эфирга узатиш билан боғлиқ бўлган ходимларига берилади. Футбол майдони атрофига тушганда, улар World Sport Group компанияси вакилидан олган яшил ранг жилеткани албатта кийиб олган бўлишлари шарт (ўйин тугагач, WSG ходимига жилеткалар қайтарилади).

    - Радио, ижодий ходимлар – 12 нафар. Уларга ҳам RTV тоифасидаги карточкалар топширилган. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тасарруфидаги радиоканаллар (масалан, “Машъал”, “Наврўз”, “Ёшлар”) ходимлари шулар жумласидандир. Радиодаги спорт журналистларига берилган RTV карточкалари ҳам юқорида келтирилган ҳуқуқларни таъминлайди.

    - Радио, техник ходимлар – 7 нафар. Уларга ҳам HB тоифасидаги карточкалар топширилган. HB карточкаларига юқорида таъриф берилди.

    - Нашрий матбуот ва интернет журналистикаси – 96 нафар (жумладан, уларнинг бири – австралиялик журналист). Уларга PRE (press - матбуот) тоифасидаги карточкалар топширилган. Бу турдаги рухсатнома матбуот марказига, медиа-трибунага ҳамда анжуманлар залига кириш ҳуқуқини беради. Бу карточка эгалари футбол майдони атрофига туша олмайдилар.

    - Фотомухбирлар – 12 нафар. Уларга PHO (photographer - сураткаш) тоифасидаги карточкалар топширилган. Бу турдаги рухсатнома футбол майдони атрофида (ўйин бошлангач – фақат дарвозалар ортида) жойлашиш ҳуқуқини беради. Аммо майдон ҳудудига ўтишдан аввал фотомухбирлар ўз аккредитация карточкаларини тўқ сариқ ранг жилеткага алмаштириб, шу жилеткани албатта кийиб олган бўлишлари шарт. Учрашув якунлангач, сураткашлар ўз аккредитация карточкаларини мезбон клуб матбуот хизмати вакилларидан олган жилеткаларини қайтариб берганларидан сўнггина оладилар.

    Аккредитациядан ўтган барча журналистларни “Бунёдкор” футбол клуби кириб келган янги футбол мавсуми билан муборакбод этади ҳамда уларга 2012 йилда унумли ва самарали ижод тилаб қолади! Ўртамиздаги ҳамкорлик янада баланд поғоналарга кўтарилсин!

Мавзуга оид бошқа хабарлар