Янгиликлар

  • Месси – “олтин тўп” соҳиби, Гвардиола – йилнинг энг яхши мураббийи

  • Сана: 10.01.2012
  • ФИФА ва “Франс Футбол” журнали талқинига кўра “Барселона” ҳужумчиси Лионель Месси жаҳоннинг 2011 йилдаги энг яхши футболчиси деб топилди.

    “Олтин тўп” соврини миллий терма жамоалар бош мураббийлари ва сардорлари, шунингдек журналистлар овозларига кўра энг кўп очко жамғарган футболчига топширилади.

    Энг яхши футболчи бўлиш учун “Реал” ярим ҳимоячиси Криштиану Роналду ва “Барселона” аъзолари – Хави ва Месси номзодлик қилишди. Сўровнома якунига кўра, Месси 47,88%, Роналду – 21,60%, Хави – 9,23% овоз олди.

    - Ушбу совринни учинчи бор қўлга киритиш мен учун катта бахт ва бу фаҳрли. Ўз овозлари билан мени қўллаб-қувватлаганликлари учун жамоадошларимга, футболчи ва мураббийларга миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Аргентина термаси ва “Барселона” жамоасидаги шерикларимсиз бу мукофотни қўлга кирита олмасдим. “Олтин тўп”ни Хави билан бўлишиб олишни истардим: сен ушбу мукофот учун лойиқсан, - деди Цюрихда ўтган маросимда “Барселона” ҳужумчиси.

    2011 йилнинг энг яхши мураббийи деб “Барселона” устози Хосеп Гвардиола тан олинди. У “МЮ” устози сэр Алек Фергюссон ва “Реал” бош мураббийи Жозе Моуриньони ортда қолдирди. Гвардиола ўз жамоаси билан ўтган мавсумда, умумий ҳисобда бешта совринни қўлга киритди.

    Шунингдек, ФИФА йил жамоасини ҳам эълон қилди. Унга кўра, Икер Касильяс ("Реал Мадрид", Испания) - Даниэл Алвес ("Барселона", Бразилия), Херард Пике ("Барселона", Испания), Серхио Рамос ("Реал", Испания), Неманья Видич ("МЮ", Сербия) - Андрес Иньеста ("Барселона", Испания), Хаби Алонсо ("Реал", Испания), Хави ("Барселона", Испания) - Лионель Месси ("Барселона", Аргентина), Криштиану Роналду ("Реал", Португалия), Уэйн Руни ("МЮ", Англия) рамзий жамоадан жой эгаллашди.

    Ференц Пушкаш номли 2011 йилнинг энг чиройли голи учун аталган соврин “Сантос” ҳужумчиси Неймарга насиб этди. Бу сўровда Месси ва Уэйн Руни томонидан киритилган голлар ҳам номзодлик қилганди.

Мавзуга оид бошқа хабарлар