Янгиликлар

  • Жоао Виктор: Ўзбекистон мен учун иккинчи Ватан

  • Сана: 15.09.2009
  • Куни кеча "Inter Futbol" газетси мухбирлар "Бунёдкор"нинг етакчи аъзоларидан бири - Жоао Виктор билан суҳбат уюштиришди. Қуйида ана шу суҳбатни ҳаввола қиламиз.

    Жоао Виктор. Бразилиялик бу иқтидор эгаси қисқа фурсатда «Бунёдкор» ярим ҳимоя чизиғининг етакчи вакилларидан бирига айланди. 29-рақам соҳиби «қалдирғочлар»нинг муваффақиятларига сезиларли равишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

    Газетамизнинг аввалги сонларида «Бунёдкор»нинг бразилиялик легионерлари - Ривалдо, Эдсон Рамос, Луизао (собиқ), шунингдек, чилилик Хосе-Лиус Вильянуэвалар билан уюштирилган суҳбатларни ҳукмингизга ҳавола этгандик. Тегирмон навбати билан деганларидек, интервью бериш навбати Пеле ватандошларининг «Бунёдкор»даги сўнгги вакили - Жоао Викторга етди. Жоао билан суҳбатимиз унинг болалик йиллари хотираларидан бошланди.

    - Оиламизда футбол муҳити ҳукмрон. Отам яхшигина дарвозабон бўлганлар. Уларнинг мўъжазгина футбол мактаблари бўлиб, кунимнинг асосий қисми шу ерда ўтарди. Футболнинг илк сир-асрорларини айнан отамдан ўргандим. 13 ёшга тўлганимда миллионлар ўйини билан профессионал тарзда шуғуллана бошладим. Шартнома имзолаган илк жамоам маҳаллий «Капипарибе» (денгиз маъносини англатади - муал.) клуби бўлиб, ўзим туғилиб ўсган штатнинг 1-дивизионида иштирок этарди. Ўшанда 16 ёшда эдим. Кейин Сан-Паулу штатининг «Каэтана» жамоасига ўтдим. У ердан эса «Можи-Мирим» сафига қўшилдим. «Бунёдкор»га келгунимга қадар айнан «Можи-Мирим» клубида тўп сурдим. Қисқа қилиб айтганда, биз футболчилар оиласимиз ва айни пайтда от изини той босяпти, десам янглишмаган бўламан.

    - Биздаги маълумотларга қараганда, отангиз бир пайтлар Ривалдо билан бир жамоада ўйнаган экан. Шу ростми?
    - Ҳа, албатта. Ресифе шаҳрининг «Санта-Круз» жамоасида отам Ривалдо билан бирга тўп сурганлар. Ўша пайтда отам «Санта-Круз»нинг етакчиси бўлганлар, Ривалдо эса эндигина кўзга кўриниб келаётганди.

    - Отангиз ҳозир ҳам футбол олами билан ошноми?
    - Ҳозир футбол мактабида мураббий бўлиб ишлаяптилар. Асосий мақсадлари кам таъминланган оилалар фарзандларига қўлдан келганча ёрдам бериш ва шу йўл орқали қашшоқликни енгишдир.

    - Бўйингиз баланд эканлигини инобатга олсак, отангиз сингари дарвозабон бўлиб етишишингиз ҳам мумкинмиди?
    - Футбол ўйнашни 8 ёшимда бошлаган бўлсам, 10 ёшимгача турли чизиқларда ўзимни синаб кўрдим. 10 ёшдан 12 ёшгача эса дарвозабон сифатида фаолият юритдим. Машғулот пайтидаги ўйинларнинг бирида ўз дарвозамдан тўрт та тўп ўтказиб юборганимдан кейин мендан яхши дарвозабон чиқмаслигини англаб етдим. Дарвозабонларни ярим жамоа дейишади. Лекин шундай имкониятга эга бўла туриб, жамоамга ёрдам беролмасам, бунинг нима кераги бор?

    - «Бунёдкор»га ўтишингизда Ривалдонинг хизмати катта бўлган. Бу қарорни унга ишонганингиз учун қабул қилганмисиз ёки ўзингизда ҳам ички хоҳиш бўлганми?
    - Ривалдога юз фоиз ишонганман. 16 ёшимгача жаҳон футболига қизиқишим йўқ эди. Айнан Ривалдонинг терма жамоа таркибидаги ўйинларини жонли тарзда кўриб, менда ҳам шундай савиядаги футболчи бўлиб етишиш иштиёқи пайдо бўлган. У футболдаги кумирим эди. Унга ҳавас қилганман ва у билан ҳозир бир жамоада тўп сураётганимдан бахтиёрман.

    - Бразилия футболчиларни экспорт қилиш бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Шунча футболчилар орасидан Ривалдонинг сиз ва Рамосни тавсия қилишига қайси жиҳатларингиз сабаб бўлган, деб ўйлайсиз?
    - Ривалдо ва Рамос Грециянинг АЕК клубида бирга тўп суришган. Рива менга нисбатан Эдсонни кўпроқ билади. Менинг ўйинларимни эса «Можи-Мирим»да кузатган.

    - Миллий чемпионатимизда салкам бир мавсум тўп суриб қўйдингиз. Бу муддат сиз ўйнаётган мамлакат футболи ҳақида хулоса чиқаришга етарли муддат ҳисобланади. Шу маънода, футболимиз ҳақидаги таассуротларингиз қандай бўляпти?
    - Таассуротларим ижобий. Ўзбек футболи ривожланишнинг тўғри йўлидан кетяпти. Бу ерга келган илк кунларимда жамоаларни енгиш жуда осон бўлса керак, деб ўйлагандим. Бошланишида шундай ҳам бўлди. Аксарият ўйинларда 3:0, 4:0 ҳисоблари қайд этилди. Лекин секин-аста бошқа жамоалар ҳам «Бунёдкор»га жиддий қаршилик кўрсата бошлашди. Нафақат «Пахтакор», балки бошқа клублардан ҳам истеъдодли футболчилар етишиб чиқяпти. Камолиддин Мурзоевнинг «Насаф»дан сафимизга келиб қўшилиши фикримга исбот бўла олади. Хабарингиз бор, 2014 йилги жаҳон чемпионати Бразилияда бўлиб ўтади. Она ватанимда ўтадиган мундиалда иштирок этишни жуда-жуда хоҳлайман. Ҳозир бор эътиборимни шу мақсадни амалга оширишга қаратганман. Айнан «Бунёдкор»да ўйнаб, терма жамоа мураббийлари назарига тушмоқчиман, гарчи буни кимдир кулгига йўйса ҳам.

    - Дарҳақиқат, Бразилия терма жамоасининг аксарият футболчилари Европа клубларида тўп суришади. Шу нуқтаи назардан олиб қарасак, Карлос Дунганинг Осиё клубидан терма жамоага футболчи чақиришига ишонасизми?
    - «Бунёдкор» жамоаси ҳозир дунё футболида анча кўзга ташланиб қолди. Агар Осиё Чемпионлар лигасида ғолиб чиқсак, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун йўл очилади. Бу кичик мундиални эса бутун дунё футбол ишқибозларию, мутахассислари томоша қилишади.

    - Ҳали Бразилиянинг ҳеч қайси бир ёш тоифасидаги терма жамоаларида ўйнамагансиз. Мабодо, Ўзбекистон терма жамоасидан чорлов бўлиб қолса, бу таклифга қандай муносабат билдирган бўлардингиз?
    - Биринчи ўринда - Бразилия. Лекин ҳозир бу ерда тўп сураётган эканман, демак, Ўзбекистон менинг иккинчи ватаним ҳисобланади. Ватан ҳақидаги саволга эса ҳеч иккиланмасдан жавоб берилади.

    - Ўзбекистон терма жамоаси олдига 2014 йилги жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш вазифаси қатъий равишда қўйилган. Бу борада Бразилия футбол конфедерацияси билан Меморандум имзоланиб, ўзаро кенг қамровли ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилди. Айтмоқчи бўлганим, Ўзбекистон терма жамоаси таркибида ҳам Бразилиядаги жаҳон чемпионатига бориш имконияти бор.
    - Агар шундай имконият юзага келганида, бундан фақат хурсанд бўлардим.

    - Яқинда Бразилия терма жамоаси ўз қитъасидаги ашаддий рақиби Аргентина майдонидан ажойиб ғалаба билан қайтди...
    - Учрашув олдидан аргентиналик футболчилар, мутахассислар, бош мураббий Марадонанинг ўзи ҳам матбуотда чиқиш қилиб, бўлажак ўйинда шубҳасиз ғалаба қозонишлари, бу ўйинда Бразилиянинг ижобий натижа учун ҳеч қандай имконияти йўқлигини айтишди. Бу эса бразилияликларнинг фойдасига ишлади. Бизнинг футболчилар учрашувга ҳар томонлама жиддий ҳозирлик кўришди. Охир-оқибат сафардан муҳим уч очко билан қайтишди. Эътибор берган бўлсангиз, бу икки терма жамоанинг сўнгги 3-4та ўйинида бразилияликлар кўчасида байрам бўляпти.

    - Келинг, энди футболдан бироз четга чиқамиз-да, сизга блиц-саволлар билан мурожаат қилсак. Собиқ жамоадошингиз Луизао билан суҳбатлашганимизда, унинг баданидаги турли «татуировкалар» бизни ўзига жалб қилганди. Ҳозир бундай ҳолатни сизда ҳам кўряпмиз. Бу турли белгилар ва ёзувлар нимани англатади?
    - Мана, ўнг қўлимда «- Мен оиламни севаман», деган ёзув акс этган. Чап қўлимдаги ёзув эса - «Бир пайтнинг ўзида яшамоқ ва оила қурмоқ», деган маънони англатади. Ўнг қўлимнинг билак қисмида эса мен севган инсон, яъни онамнинг исмлари ёзилган.

    - Қандай мусиқани тинглайсиз?
    - Кўпроқ классик ва диний қўшиқлар, мусиқалар ёқади.

    - Сиз хуш кўрадиган таом ва ичимлик?
    - Турли хил мевалардан тайёрланган ичимликлар, таомдан эса бифштекснинг кабобга ўхшаб тайёрланганини хуш кўраман.

    - Ўзбек миллий таоми ошдан татиб кўрдингизми?
    - Ўзбек халқининг ҳеч қайси бир миллатда учрамайдиган, ўзига хос анъа-наларидан бири бу тонг саҳарда эл-юртга ош бериши экан. Ўзим ҳам бу маросимда иштирок этдим. Жамоамизнинг дарвозабонлар мураббийи Абдусаттор аканинг набира тўйларида ошдан татиб кўрдим. Қолаверса, бу ерда ошни турли усулларда пиширишар экан. Айримлари жуда ёғли бўлиб кетади. Бразилияда бундай кучли колорияга эга таомлар тайёрланмайди. Мазасига гап йўғу, лекин эрталабдан оч қоринга гўшт, ёғ, гуручли таомни ейиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин бу ернинг нони менга жуда ёқиб қолди.

    - Охирги таътилни қаерда ўтказдингиз?
    - Тошкентда. Бразилияга бориб келиш учун вақт бўлмайди. Энг кўп дам олган вақтим 15 кун бўлса, бу ўз юртимга бориб келиш учун жуда ҳам камлик қилади. Ўзингиз биласиз, оралиқ манзил йироқ. Бразилияда сўнгги бор «Бунёдкор»га келишимдан олдин бўлганман. Уйга 3-4 кунга бориб, қайтаётганда қийналаман. Чунки ота-онани, оила аъзоларингизни ташлаб кетиш осонми? Агар, ҳозир «Уйингизни соғиндингизми», деб сўрасангиз, «Йўқ», деб жавоб бераман. Чунки Ўзбекистон менинг иккинчи уйимга айланиб қолди ва мен бу ерда худди Бразилияда юргандек ўзимни эркин ҳис қиляпман. Бошқа томондан, ҳозир интернет асри. Бемалол интернет орқали уйдагилар билан «кўришиб», гаплашиб тураман.

    - Бозорларимизда ҳам бўлдингизми?
    - Албатта. Бозор қилишни жуда яхши кўраман. Айниқса, бирор нарсани харид қилганда, савдолашишга ҳаракат қиламан. Бразилияда шундай бозор борки, у ерда маҳсулот айрбошлашингиз ҳам мумкин. Мисол учун, уяли телефонингизни от ёки сигирга алмаштирсангиз бўлади.

    - Футболдан бўш вақтда қандай ҳордиқ чиқарасиз?
    - Асосан уйда бўламан. Интернет бўйлаб саёҳат қилиш жону дилим. Шунингдек, рафиқам билан бирга ул-бул харид қилиш мақсадида дўконларга борамиз. Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларини суратга олиб, Бразилияга жўнатаман. Истироҳат боғида ҳам кўп бўламиз.

    - «Азарт» ўйинларга мойиллигингиз қандай?
    - Бундай ўйинлардан йироқман.

    - Сизга ёққан охирги фильм?
    - Бафуржа ўтириб фильм томоша қилмаганимга ҳам анча бўлди. Одатда менга тарихий фильмлар ёқади. Мен севиб томоша қиладиган фильмлар португал тилида бўлгани учун ўзим билан бирга олиб келмаганман. Бир куни сафар ўйинидан қайтаётганимизда Копа (Темур Кападзе - муаллиф) жангари сюжетли фильм кўриб келаётган экан. Яккакураш саҳналарига бой бўлган ушбу фильмни мазза қилиб томоша қилдим, гарчи тилини тушунмаган бўлсамда.

    - Афсусланишга сабаб бўладиган хатти-ҳаракат қилганмисиз?
    - Сариқ карточка олиб, кейинги ўйинни ўтказиб юборишга тўғри келганда қаттиқ афсусланаман. Сал бошқачароқ, ҳаракат қилсам бўлардику, деб ўйлаб қоламан.

    - Дарвоқе, Чемпионлар лигаси баҳсларида сариқ карточка олиш бўйича сиз ва Рамос «Бунёдкор»да «етакчи»сизлар...
    - Ўзбекистон чемпионатида мен бор-йўғи битта сариқ карточка билан «сийландим». Чемпионлар Лигасида эса 6та ўйиндан 4та сариқ карточка «ишлаб» олдим. Ҳозир ўзимни назорат остига олганман. Бу ёғига Чемпионлар лигаси баҳсларида огоҳлантириш олмасликка сўз бераман. Сиз айтгандек, Рамос 7та учрашувда 4та сариқ карточка олди. Иккимизнинг кўрсаткичларимиз деярли бир хил.

    - Бизни нима билан ҳайратлантира оласиз?
    - Мен оддий инсонман. Айтарли сизни ҳайратлантира оладиган қобилиятим йўқ. Озгина бўш вақтим бўлса, гитара чалишни хуш кўраман. Лотин Америкаси давлатларида бу мусиқа асбоби анча машҳур ва миллий урф-одат воситаси сифатида қадрланади.

    - Бразилияда анъанавий тарзда ўтказиладиган карнавалга ҳар йили сайёрамизнинг турли бурчакларидан сайёҳлар ташриф буюришади. Юртингизда ўтадиган бу катта байрам тадбирида иштирок этганмисиз?
    - Йўқ. Ортиқча шовқин ва дабдабани хушламайман. Агар ҳамроҳингиз билан карнавалга борадиган бўлсангиз, кўпчиликнинг орасида адашиб қолишингиз ҳеч гап эмас.

    - Ўзбекистонда сизга нима ёқдию, нима маъқул келмади?
    - Таассуротларим фақат ижобий. Бундан ортиқ шароит бўлмайди.

    - Яқин келажакдаги режаларингиз қандай?
    - «Бунёдкор» билан 3 йиллик шартномам бор. Уни охиригача етказишни истайман. Бу вақт ичида ўз устимда кўпроқ ишлаб, жамоамга имкон борича ёрдам бермоқчиман. Асосий мақсадим Осиё Чемпионлар лигасида ғалаба қозониш ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш. Энди ҳар бир футболчи Европа клубларида ўйнашни хоҳлайди. Лекин «Бунёдкор»да мени ҳамма нарса қониқтиряпти.

    - Суҳбатимиз сўнгида 7 сентябрь куни нишонланган Бразилия мустақиллиги куни билан сизни ва халқингизни муборакбод этамиз.
    - Ўз ўрнида суҳбатга таклиф қилганингиз учун сизга ҳам катта раҳмат. Мен ҳам сизларни Ўзбекистон республикаси мустақиллигининг 18 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман. InterFutbol газетаси футбол ишқибозларининг севимли нашри бўлиб қолишига тилакдошман.

    Маълумот учун
    Жоао Виктор Албукерке Бруно
    Туғилган санаси ва манзили:
    1988 йил 7 ноябрь, Бразилия
    Амплуаси: ярим ҳимоячи
    Бўйи: 181 см. Вазни: 78 кг
    Футболчилик фаолияти: «Можи-Мирим» (Бразилия) – 2007/2008
    2009 йилдан буён «Бунёдкор»да

    Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Мавзуга оид бошқа хабарлар