Янгиликлар

  • “Vunderkind”: Акром Комилов: “Ред Булл Зальцбург” клубига ўтишга жуда яқин эдим”

  • Сана: 03.12.2015
  • Лойиҳамизнинг иккинчи меҳмони “Бунёдкор” клуби ҳимоячиси Акром Комилов бўлди.

    Ушбу мавсум “қалдирғочлар”нинг асосий футболчисига айланган Акром ўзи иштирок этган қитъа чемпионатлари, мундиаллар ҳақида гапириб берди.

    - Аввало болаликни эслаймиз. Қаерда туғилгансиз, болалик қаерда ўтган...
    - Мен Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида туғилганман. 5 синфга қадар “Спартак” жамоаси мактабида шуғулланганман. Кейин Фарғона болалар футбол интернатида ўқишни давом эттирганман. Қўқон шаҳрида “Қурувчи” жамоаси мусобақа ўтказган. Ўшанда жамоам сафида ўзимни кўрсатган бўлсам керак мени “Қурувчи” академиясига таклиф қилишган.  6 йилдан буён шу жамоа шарафини ҳимоя қилиб келаяпман.

    - Нима учун айнан футбол? Илк мураббийингиз ҳақида гапириб беринг.
    - Дадам футболга жуда қаттиқ қизиқарди. Айнан дадам мени футболга олиб борганди. Бундан ташқари оиламизда азалдан футболчилар етишиб чиққан эди.

    - 2012 йил Эронда ташкил этилган Осиё чемпионатида ҳақида нима дея оласиз? Жамоамиз гуруҳдан қийинчилик билан чиқиб якунда чемпион бўлганди.
    - Осиё чемпионати гуруҳ босқичи биз учун оғир ўтган. Охирги турда ғолиб бўлсак кейинги босқичга чиқардик. Аммо Сурияга ютқазиб қўйганмиз, футболчиларнинг деярли барчаси майдоннинг ўзида йиғлаганди. Шу пайт нариги ўйинда Ҳиндистон сўнгги дақиқаларда гол уриб ҳисобни тенглаштиргани ва ўйин 2:2 ҳисобида тугагани ҳақида хабар келди. Бу эса Ўзбекистон чорак финалга чиққанини англатарди. Жуда қувониб кетгандик. Бизда имконият пайдо бўлгани учун барча йигитлар йиғилиб мана яратганинг ўзи бизга имконият яратиб берди энди мағлуб бўлишга ҳаққимиз йўқ деб айтгандик. Жанубий Кореяга қарши жуда яхши тайёрланиб ғалабага эришгандик. Ярим финалда мусобақа мезбони Эрон билан ўйнашимиз керак эди. Маҳаллий матбуот “Ўзбекистонни жуда ҳам кучсиз”, “Уларни 5:1 ҳисобида мағлуб этамиз” деган сарлавҳалар билан чиқиш қилганди. Биз эса майдонга тушиб Эрони таслим қилиб ким кучлилигини исботлаб қўйгандик. Финал эса жуда ҳам қийин бўлганди. Японияга қарши 120 дақиқа ўйнагандик. Йигитлар чарчашганди, аммо пенальтилар сериясига етиб олсак уларни мағлуб этишимизга ишонардик. Худога шукурки Осиё чемпиони бўлдик ва халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлганди.

    - 2013 йил БААда Ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати бўлиб ўтганди. Фаолиятингиздаги дастлабки мундиалдан қандай хотиралар қолган?
    - Жаҳон чемпионати жуда катта байрам ҳисобланади. Бу фақат жамоавий тўқнашувлар эмас, футболчилар учун ҳам катта имконият форуми ҳисобланади. БААга кетишдан олдин олдимизга ярим финалга етиб бориш вазифаси қўйилганди. Кўпчилик бизга ишонмаган, хатто гуруҳдан чиқа олишмайди деб тахминлар қилишганди. Гуруҳ босқичида кучли рақиблар билан ўйнаб 7 очко тўплаганмиз.

    - Гондурас билан ўйинда қизил карточка олгансиз...Ўша вазиятда нима бўлганди?
    - Рақиб ҳужумчиси қочиб кетганди, уни йиқитишга мажбур бўлгандим. Тўғриси нима қилаётганимни билмай ҳам қолгандим. Қизил карточкани кўриб жамоамга панд бериб қўйганимни англаб етгандим. Тан оламан менинг айбим туфайли Гондурасга ютқазиб қўйгандик.

    - 2014 йил октябрь ойида Мьянма давлатида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатини эсга оламиз.
    - Ўша мусобақада 1995 ва 1996 йилда туғилган энг кучли футболчилар қатнашишганди. Мьянмага кетишдан олдин финалга етиб боришга ва чемпион бўлишимизга ишонардик. Гуруҳда Индонезияга қарши баҳсда қийин ғалабага эришгандик. БАА ва Австралия билан ўйинларда ўзимизга етарли бўлган дуранг натижаларни қайд этгандик. Таиланд билан ўйинда ғолиб бўлсак мундиалга чиқардик. Вазифа бажарилган ва Жаҳон чемпионатига йўлланма олгандик. Сариқ карточкалари сони 2тага етгани боси КХДР билан ўйинда мен майдонга туша олмагандим. Юқоридан учрашувни томоша қилгандим. Рақиблар дарвозамиз томон 6та зарба беришган ва 5та гол уришганди. Бизнинг йигитлар эса жуда кўплаб имкониятлардан фойдалана олишмаганди. Футбол жамоавий ўйин, шу боис мағлубиятда фақат дарвозабонни айблаш нотўғри.

    - 2015 йил Янги Зеландияда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати таассуротлари билан ўртоқлашинг. Янги Зеландия мундиални қандай ўтказди?
    - Мундиалга кетишдан олдин олдимизга ярим финалга чиқиш вазифаси қўйилганди. Янги Зеландия иқлимига мослашиш учун 10 кун олдин ушбу мамлакатга етиб боргандик. Тайёргарликлар жуда яхши савияда ташкил этилганди. Гуруҳдаги илк турда Гондурас билан ўйнаганмиз. Ўша ўйиндан олдин 1996 йилда туғилган йигитлар олдинги мундиалдаги мағлубият учун реванш олиш учун майдонга тушишганди. Афсуски рақиб 4:3 ҳисобида зафар қучганди. Иккинчи турда Германия билан ҳеч бўлмаса дуранг ўйнашни истагандик. Рақиб жуда кучли эканини билардик. Европа жамоаси йирик ғалабага эришганди. Сўнгги турда Фижини мағлуб этсак кейинги босқичга чиқиш имконияти пайдо бўларди. Биз 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб нимчорак финалга чиққандик. Австрияга қарши баҳсда йигитлар жуда катта иштиёқда ўйнаб ғалаба қозонгандик. Чорак финалда Африканинг Сенегал жамоаси билан тўқнаш келгандик. Афсуски ҳимоядаги биттагина хато туфайли рақиб гол уриб ютиб кетганди. Ярим финалга чиқиш армон бўлиб қолганди.

    - Ўз вақтида сиз Австриянинг “Ред Булл Зальцбург” клубида кўрикдан ўтгансиз. Трансфер нима учун амалга ошмай қолган?
    - 2012 йилги ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидан кейин 2013 йил менга Австриянинг “Ред Булл Зальцбург” клуби менга таклиф билан чиққанди. 10 кунлик йиғинда иккита ўртоқлик учрашувида иштирок этгандим. Ўзимнинг яхши томонларимни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Академия директори, ёшлар жамоаси мураббийлари сени ўз жамоамизга қўшиб олишга ҳаракат қиламиз деб хаттоки 4 рақамли Комилов деб ёзилган футболка ҳам совға қилишганди. Ўзбекистонга қайтгач трансферим амалга ошмади, тўғриси нима учун бундан бўлганини билмайман.

    - Энди клубдаги фаолиятингизга ўтсак. Бу йил Осиё чемпионлар лигасида иштирок этдингиз... Умуман олганда “Бунёдкор” ҳақида нима дея оласиз.
    - Тошкентга, “Бунёдкор”га келганимда дастлаб академияда таҳсил олдим. Ўшанда Сергей Иванович Лушан бизнинг мураббийимиз эди. Бу мураббий қўл остида “Бунёдкор” асосий таркибида ўйнашни бошладим, ОЧЛда дебют қилдим. Ушбу мавсумда таркибимизда кўплаб ёшлар ўйнади, кейинги йил мана шу ёшларнинг тажрибаси ошади ва кейинги йил барча мусобақаларда ижобий натижаларга эриша оламиз деб ўйлайман.

    - Олдинда Қатардаги Осиё чемпионати турибди. Жамоамиз Олимпиадага чиқа оладими?
    - Олимпия терма жамоасига жуда кучли футболчилар йиғилишган. Бу жамоа Осиё чемпионатида ғолиб чиқишга қодир деб ўйлайман. Насиб қилса Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Бразилиядаги Олимпиадага боради.

    - Шу пайтга қадар Дилшод Нуралиев, Равшан Ҳайдаров ва Сергей Лушан каби мураббийлар билан бирга ишладингиз...
    - Ҳар учала мураббий қўл остида ўзимнинг ёрқин томонларимни кўрсатишга интилганман. Улар менга имкон беришган мен эса уларнинг юзини ерга қаратмасликка интилганман. Дилшод Нуралиев ва Равшан Ҳайдаров билан терма жамоаларда ишлаганман. Сергей Лушан билан эса клубда бирга фаолият олиб боргандик.

    - Хориж футболидаги севимли клубингиз қайси?
    - Ёшлигимдан Италиянинг “Милан” клубининг ишқибозман. Келажакда яхши ўйнаб айнан “россонерлар” сафида ўйнашни орзу қиламан. Афсуски сўнгги йилларда “Милан”нинг ишлари юришмай қолди.

    - Павел Краловецни эслайсизми?
    - Йўқ. Тўғриси эслай олмадим.

    - Бу Гондурас билан ўйинда сизга қизил карточка кўрсатган ҳакам.
    - Расмини кўрсатганингизда эслаган бўлардим.

    - Суҳбат сўнггида мухлисларга тилакларингиз…
    - Оғир вазиятда ҳам бирга бўлган “Бунёдкор” клуби мухлисларига раҳмат айтиб қоламан. Бутун Ўзбекистон футбол мухлисларига эса севимли жамоалари доим ғалаба қозонаверсин дейман.

    www.championat.asia сайти

Мавзуга оид бошқа хабарлар