Янгиликлар

  • Миржалол Қосимов: Мукофот менга билдирилган ишончни оқлаш учун далда бўлади

  • Сана: 22.01.2013
  • Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби бош мураббийи Миржалол Қосимов «Йилнинг энг яхши мураббийи» мукофоти нафақат унинг, балки терма жамоанинг ҳам ютуғи эканлигини таъкидлади.

    Миржалол Қосимов ОАВ ходимлари ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, 2012 йилнинг энг яхши мураббийи деб топилди. 42 ёшли мутахассис сўровномада жами 466 очко тўплаб, энг яқин таъқибчиси, Ўзбекистон U-17 ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиевдан 182 баллга ўзиб кетди.

    Қайд этиш жоиз, Қосимов «Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси» ва «Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи» совринларини қўлга киритган ўзбек футболи тарихида Игорь Шквириндан кейинги иккинчи мутахассисга айланди. Қосимов футболчилик фаолияти давомида 1993, 1998, 2001 ва 2004 йилларда Ўзбекистон футболчилари орасида тенгсиз деб топилганди.

    «Аввало, менга овоз берган барча ОАВ ходимларига миннатдорчилик билдиришни хоҳлардим. Албатта, бундай эътирофдан сўнг одам ўзида ёқимли ҳисларни туяди. Бу – нафақат менинг, балки Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва «Бунёдкор» клуби аъзоларининг ҳам ютуғи, деб ўйлайман. Шунингдек, бунда ёрдамчиларимнинг ҳиссаси ҳам жуда катта. Фурсатдан фойдаланиб, уларга ҳам миннатдорлик билдираман», - деди Қосимов.

    «Йил мураббийи» деб топилганим менга янада кўпроқ куч бағишлайди. Бу 2013 йилда янада кўпроқ меҳнат қилиб, янада каттароқ натижаларга эришиб, мухлисларимиз ва менга овоз берган журналистларнинг ишончини оқлашим учун бир далда бўлиб хизмат қилади», - деди 2012 йилнинг энг яхши мураббийи.

    Миржалол Қосимов 2012 йилда «Бунёдкор» клуби билан Ўзбекистон Кубоги баҳсларида ғолиб чиқди, шунингдек, Осиё Чемпионлар лигаси баҳсларида, кўпчилик учун кутилмаганда, илк бор мусобақанинг Шарқий минтақасида иштирок этганига қарамай, ярим финал босқичига қадар етиб борди.

    Айни вақтда, 2012 йил – Қосимовнинг миллий терма жамоага қайтиш йили бўлди. ЖЧ-2014 саралаш 4-босқич 1-турида Тошкентда Эрон терма жамоасига имконият бой берилганидан сўнг, Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятлари яна хавф остида қолгандек эди. Бироқ Ливанга қарши ўйиндан Ўзбекистон миллий терма жамоасига устозлик қилишни бошлаган Қосимов йил охирида терма жамоани «А» саралаш гуруҳи пешқадамига айлантирди. Ўзбекистонлик футболчилар Ливандаги дурангдан сўнг Тошкентда Жанубий Корея билан 2:2 ҳисобини қайд этишди, Қатар ва, айниқса, Эрон терма жамоасига қарши оғир сафар ўйинларида 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

    «Ҳақиқатан ҳам, миллий терма жамоани қабул қилиб олган вақтим вазият оғир эди. Аввал ҳам айтгандим: Ватан танланмайди. Ўзбекистон миллий терма жамоасида ишлаш – ҳар бир ўзбек учун шараф, деб ҳисоблайман. Ўшанда биз терма жамоанинг ҳар бир аъзоси билан яккама-якка гаплашиб, уларнинг имконияти жуда катта эканлиги, улар кўп нарсага қодир эканликларини жиддий тушунтириб чиқдик. Футболчининг фаолияти давомида жаҳон чемпионатига чиқишдек бундай қулай имконият фақат бир марта бўлиши ҳам мумкин. Ушбу имкониятни фойдаланиш, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш учун Ўзбекистон Футбол федерацияси, шунингдек, давлатимиз раҳбарлари томонидан барча шароитлар яратиб берилмоқда, ғамхўрлик кўрсатилмоқда», - деди Қосимов.

    «Лекин ҳали катта иш қилдик, деб ўйламайман. Ҳали ўйинлар давом этмоқда. Ўз олдимизга қўйган мақсадга етишимиз учун ҳали кўп ҳаракат қилишимиз, ишлашимиз керак. Саралаш баҳслари якунига етиб, биз ўзимиз ўйлаган натижаларни қайд этганимиздан сўнг бирор гап айтиш мумкин. Ўйлашимча, ҳозирда терма жамоа аъзоларининг ўзига бўлган ишончи анча ошган, ҳозирги ҳолатимиз, имкониятимиз қандай эканлигини ҳам жуда яхши тушуниб туришибди. Мақсадимизга етиб, мухлисларимизни хурсанд қилиш учун футболчиларимиз бор кучлари билан ҳаракат қилишади», - деди Қосимов.

    Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2012 йил давомида Тошкентда 2та расмий, 1та ўртоқлик учрашуви ўтказди. Ўзбекистонлик футболчилар фақат Кувайт терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида ғалаба қозонишди. Қайд этилганидек, Эронга имконият бой берилди, Жанубий Корея билан дуранг ўйналди. Аксинча, сафар ўйинларида терма жамоа айниқса ишончли ўйнади. Хусусан, терма жамоамиз ўз тарихида илк бор Япония ва Эрон каби Осиё грандларини айнан сафар учрашувларида мағлуб эта олди.

    «2012 йили Тошкентда бўлиб ўтган баҳсларда ёмон ўйин кўрсатдик, деб ўйламайман. Жанубий Корея терма жамоасига қарши саралаш ўйини сўзимга далил бўла олади. Бўлажак режалар ҳақида гапирадиган бўлсам, бор эътиборимизни жаҳон чемпионати саралаш баҳслари доирасида 26 март куни Тошкентда бўлиб ўтадиган Ливан терма жамоасига қарши ўйинга қаратамиз. Ўйлашимча, Гонгконг ва БАА терма жамоаларига қарши Осиё Кубоги-2015 саралаш ўйинлари Ливанга қарши баҳс олдидан тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Ўз уйимизда деворларимиз ҳам қўллашига, мухлисларимиз эса бизни қўллаб-қувватлаб, 12-ўйинчига айланишларига ишонаман», - дея қўшимча қилди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов.

    www.the-uff.com

Мавзуга оид бошқа хабарлар