Янгиликлар

  • Миржалол Қосимов – Ўзбекистоннинг 2012 йилдаги энг яхши мураббийи

  • Сана: 21.01.2013
  • Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати томонидан овоз бериш орқали журналистлар ўртасида ўтказилган йил мураббийи ва футболчиси сўровномаси якунлари эълон қилинди.

    СЎРОВНОМА
    2012 йилнинг энг яхши футболчиси ва мураббийини аниқлаш бўйича ОАВ ходимлари ўртасидаги сўровнома 7 январь куни бошланиб, энг сўнгги овозлар 18 январь куни Тошкент вақти билан 18:00гача қабул қилинди. Бу йилги сўровномада матбуот, радио ва телевидение, Интернет ОАВда, футбол клублари, ҳудудий футбол федерациялари ва бошқа идоралар, умумий ҳисобда, 74 ташкилотда фаолият олиб бораётган ходимлар, шунингдек, мустақил журналистлар ва блоггерлар, жами 184 нафар ОАВ ходимлари иштирок этишди.

    ЎФФ матбуот хизмати 2012 йил давомида, ОАВ ўртасидаги ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, ойнинг энг яхши футболчиларини аниқлаб келган эди. Ойлик сўровномалар якунига кўра, йил давомида ОАВ жами 52 нафар футболчи ва 25 нафар мураббийга овоз берганликлари маълум бўлди. Якуний, йил футболчиси ва мураббийини аниқлаш бўйича ОАВ ходимлари айнан шу рўйхатга кирганлар орасидан уч нафардан номзод кўрсатишлари сўралган эди. Ушбу рўйхатда кўрсатилмаган футболчиларга берилган овозлар ҳисобга олинмади.

    ЙИЛ МУРАББИЙИ
    2010 йил май ойидан бери Тошкентнинг «Бунёдкор», 2012 йилнинг июнь ойидан эса Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббийлик қилиб келаётган Миржалол Қосимов ўз фаолияти давомида биринчи марта йилнинг энг яхши мураббийи деб топилди. ОАВ ходимлари Қосимов номзодини 133 марта биринчи, 26 марта иккинчи, 15 марта эса учинчи ўринга муносиб деб кўрсатишди, якунда 42 ёшли мутахассис 466 очко тўплагани ҳолда, энг яқин таъқибчиси, ўсмирлар ўртасидаги 2012 йилги Осиё чемпионатида ғолиб чиққан Ўзбекистон U-17 ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиевни 182 баллга ортда қолдирди.

    2012 йил давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Миржалол Қосимов қўл остида ЖЧ-2014 саралаш баҳслари доирасида тўртта учрашув ўтказди ва уларнинг бирортасида мағлубиятга учрамади. Сафарда Ливан ва Тошкентда Жанубий Корея терма жамоаларига қарши ўйинларда миллий терма жамоа дуранг натижа қайд этган бўлса, Қатар, айниқса, Эрон терма жамоасига қарши сафар учрашувларида жуда муҳим ғалабаларни қўлга киритди. Хусусан, 14 ноябрь куни Теҳрондаги 1:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаш 4-босқич «А» гуруҳида биринчи ўринга кўтарилиб олди ва ва айни вақтда ўз тарихида биринчи марта Жаҳон чемпионати финал босқичи йўлланмасини қўлга киритишга жуда яқин турибди.
    Шунингдек, Миржалол Қосимов қўл остида Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби 2012 йилги Ўзбекистон Кубоги баҳсларида ғолиб чиқди. Бундан ташқари, ўз тарихида илк бор Осиё Чемпионлар лигасининг Шарқий минтақасида иштирок этиб, мусобақанинг ярим финал босқичига қадар етиб олгани ҳам мухлис ва мутахассислар томонидан юксак баҳоланди.

    Қайд этиш жоиз, Миржалол Қосимов футболчилик фаолияти давомида 1993, 1998, 2001 ва 2004 йил якунларига кўра «Йилнинг энг яхши футболчиси» деб топилганди. Шундай қилиб, у ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида «Йилнинг энг яхшиси» бўлган иккинчи мутахассисга айланди. Бунгача фақат Игорь Шквирин шундай натижа қайд эта олганди – 1994 йилда ҳужумчи «Йилнинг энг яхши футболчиси» деб топилган бўлса, 2009 йилда «Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи»га айланган эди.

    ЙИЛ ФУТБОЛЧИСИ
    Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Владикавказнинг «Алания» клуби ўнг қанот ярим ҳимоячиси Санжар Турсунов учун 2012 йил, айниқса, терма жамоа миқёсида самарали келди. Иқтидорли ярим ҳимоячи Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида етти учрашувда майдонга тушиб, тўртта гол уришга муваффақ бўлди. Жумладан, ушбу голлардан иккитаси ЖЧ-2014 саралаш 4-босқии доирасида Жанубий Корея ҳамда Қатар терма жамоаларига қарши баҳсларда урилгани эътиборга моликдир.

    Шундан келиб чиқиб, ўзбекистонлик ОАВ ходимлари Санжар Турсуновни 111 марта биринчи ўринга, 39 марта иккинчи ўринга ва 21 марта учинчи ўринга номзод сифатида кўрсатишди, бунинг натижасида ярим ҳимоячи 321 балл тўплаб, энг яқин таъқибчиси – Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда Махачқалъанинг «Анжи» клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедовни 80 очкога, сўровномада учинчи бўлган миллий терма жамоа ва Қозоғистоннинг «Иртиш» клуби ҳужумчиси Улуғбек Бақоевни 159 очкога ортда қолдирди.

    ТАҚДИРЛАШ МАРОСИМИ
    Йил лауреатларини тақдирлаш маросимининг вақти ва жойи тўғрисида ЎФФ матбуот хизмати кейинроқ батафсил маълумот беради.

    www.the-uff.com

Мавзуга оид бошқа хабарлар