Янгиликлар

  • Ҳикмат Эргашев: "Сепахон" деярли ўзгармаган

  • Сана: 07.04.2009
  • Матбуот анжуманинг иккинчи қисмида “Бунёдкор” устози Ҳикмат Эргашев ва ярим ҳимоячи Жасур Ҳасановлар иштирок этишди.

    - Ўтган йилги “Сепахон” билан бу йилгисини ўртасида унчалик катта фарқ йўқ, - деб ўз сўзини бошлади “қалдирғочлар” устози.

    - Ўйлайманки, эртага барча мухлисларимизни хушнуд этамиз. Худо хохласа ғалаба биз томонда бўлади, - деб ўз фикрини билдирди чап қанот ярим ҳимоячиси Жасур Ҳасанов.

    - Таркибда муаммолар йўқми?
    Ҳикмат Эргашев: - Ҳозирча ҳеч қандай муаммо йўқ. Барча соғ-омон.

    - “Ал-Шабаб”дан учралган мағлубият таҳлил қилиндими? Ўша ўйиндан кейин  мураббийлар штаби қандай хулосаларга келди?
    Ҳикмат Эргашев:
    - Ҳа мағлубият сабабларини муҳокама қилдик ва йўл қўйган хатоларимиз устида ишладик. Айниқса, ҳимоядаги камчиликларимиз борасида машғулотлар жараёнида кўп меҳнат қилдик. Ўйлайманки, эртанги баҳсда мудофа чизиғимиз яхши ўйнайди.

    - Агарда “Бунёдкор” ўз гуруҳида биринчи, “Пахтакор” эса иккинчи бўлса, у ҳолда мамлакатимизнинг икки клуби плей-оффда ўзаро ҳисоб-китоб қилишига тўғри келади. Сиз учун “Пахтакор”га тушган афзалми ёки бошқа клубгами?
    Ҳикмат Эргашев:
    - Бу – футбол! Унда ҳар нарса рўй бериши мумкин. Европа Чемпионлар лигасида “Ливерпул” билан “Челси” бир-бирига тўқнаш келишди-ку! Бу ҳол Осиёда ҳам кузатилиши мумкин. Буни вақт кўрсатади.

    - Олдинги учрашувда Павел Бугало кўпол хатога йўл қўйганди. Шундан келиб чиқиб, эртанги баҳсда Мурод Зухуровни асосий таркибда кўришимиз мумкинми?
    Ҳикмат Эргашев:
    - Эртагача вақт бор. Таркиб ўйинга икки соат қолганида маълум бўлади. Шунинг учун ҳозир бирон нима дея олмайман.

    - “Сепахон”нинг қайси жиҳатларини кучли деб ҳисоблайсиз?
    Ҳикмат Эргашев: - Эронликларнинг техникалари юқори.

    - Австралия терма жамоасидан учралган мағлубият ва босиб ўтилган узоқ масофа Сизларга ўз таъсирини ўтказмайдими?
    Жасур Ҳасанов:
    - Биз футболчиларда битта ирим бор. Эски ўйинлар доим унутилади. Фикри-зикримиз олдимизда турган, навбатдаги баҳсларга қаратилади. Ўйлайманки, терма жамоамиз таркибида тўп сурган бошқа шерикларим ҳам мағлубиятни унутишди ва бор эътиборларини эртанги ўйинга қаратишган.

    - “Сепахон” ҳақида қандай фикрдасиз?
    Жасур Ҳасанов:
    - Уларнинг битта жиҳати мени ўзига қаратди. Яъни ўйин пайтида йўл қўйилган камчиликлар учун футболчилар бир-бирларига бақириб, асабини бузишмас экан. Аксинча, улар жуда аҳил ва иноқлик билан бир-бирларини қўллаб-қувватлаб туришаркан.


    (Ҳикмат Эргашев аввалги учрашувлардан етарли хулосалар қилинганини таъкидлади)



    (Жасур Ҳасанов ғалаба "Бунёдкор"да бўлишига ишонмоқда)

    Суратлар муаллифи - Ҳасан ПИРМУҲАМЕДОВ
    (Сайтдаги расмлардан фойдаланилганда манбаа - сайт ва муаллиф номи кўрсатилиши шарт!)

Мавзуга оид бошқа хабарлар