Янгиликлар

  • Южин Галекович: Нестеров чаққон ва ҳеч нарсадан ҳайиқмайдиган посбон

  • Сана: 01.10.2012
  • “Аделаида Юнайтед” ФК делегацияси пойтахтимизда “Dedeman Silk Road” меҳмонхонасида истиқомат қилишади.

    Австралияликлар меҳмонхона билан боғлиқ хужжатларни расмийлаштираётган паллада “Аделаида Юнайтед” сардори ва дарвозабони Южин Галекович билан қисқача суҳбатда бўлдик.

    - Анча узоқ бўлган йўлни босиб келдик. Шу боисдан ҳам озроқ толиқиш бор. Лекин бу нарса 3 октябрь кунги ўйинимизга таъсир ўтказмайди. Ҳозир хоналарга чиқиб етарлича дам оламиз ва эртанги кунги машғулотга тайёрланамиз, - деб гап бошлади Галекович биз билан суҳбатда.

    - Аделаидадаги ўйин икки хил кўриниш хосил қилди. Биринчи бўлимда Сизлар устунлик қилган бўлсангизлар, иккинчи 45 дақиқаликда бутун жамоа бўлиб ҳимояланишга мажбур бўлдинглар. Ўйиннинг бу қадар ўзгариб кетиши Бугарднинг қизил карточка ишлаб олиши билан боғлиқми?
    - Аввало ўша ўйин биз учун жудаям оғир якунланганини айтиб ўтмоқчиман. Очиғини айтсам, воқеалар ривожи бу қадар ўзгариб кетади деб ўйламагандим. Тўғри, “Бунёдкор” савияли ўйинчилардан ташкил топган кучли жамоа. Лекин Аделаидадаги баҳсда биз ғалабага ташна эдик. Афсуски, ўз майдонимизда рақибни енгга олмадик.

    - “Бунёдкор” дарвозабони Игнатий Нестеров ҳақида фикрингиз қандай?
    - У билан яқиндан таниш эмасман. Бироқ Нестеровнинг ҳаракатларини кўп бора кузатганман ва шунга амин бўлганманки Игнатий чаққон ва ҳеч нарсадан ҳайиқмайдиган посбон.

    - Тошкентдаги ўйин қандай ўтади, деб ўйлайсиз?
    - Олдиндан бирон нарса дейиш қийин. Бироқ шуниси аниқки, кураш сўнгги дақиқагача кечади ва стадионга ташриф буюрган мухлислар мазза қилиб дам олишади.

Мавзуга оид бошқа хабарлар