Янгиликлар

  • Масанобу Мацунами: Бизга ғалаба жудаям зарур эди

  • Сана: 03.04.2012
  • “Гамба Осака”нинг янги бош мураббийи бугун илк ютуғини нишонлади. Шунга қарамасдан, 37 ёшли мутахассис ўйиндан кейинги матбуот анжуманида совуққон тарзда ўтирди:

    - Ниятимиз фақат 3 очко бўлгани учун, дарҳол олдинга отландик. Тез орада ҳисобни очдик. Аммо гол киритиб олгач, шогирдларим орқага чекиниш қилишди. Мен уларга ҳимояга ўтиб олмасликларини уқтирдим. Чунки бизга ғалаба жудаям керак эди. Ҳайриятки, ҳаммаси биз учун ижобий тугади.

    - Ясухито Эндонинг голи учрашувда қанчалик муҳим роль ўйнади?
    - У жамоа сардори. Ўз голи билан Эндо барча жамоадошларига яна бир бор ўрнак бўлди. У ўзини ҳақиқий сардор сифатида намоён этди. Жамоамиз учун қийин паллада Ясухито ўз сўзини айтди.

    - “Бунёдкор” ҳам ёмон ўйнамади. Тошкентда бугунгидан-да ҳужумкор ўйнашлиги аниқ. Бундан ҳавотирланмайсизми?
    - Меҳмондаги учрашувда мудофаа чизиғимизга катта эътибор қаратамиз. Тошкентга узоқ парвоз амалга оширишимизга тўғри келади. Лекин йигитларимнинг ҳолатини назорат остига оламиз. Баҳсга улар яхши ҳолатда шай бўлишларига алоҳида эътибор берамиз.
    Бундан ташқари, “Бунёдкор” билан беллашувгача олдимизда турган Япония чемпионати ўйинлари орқали ҳаракатларимизни янада мукаммаллаштириш истагидаман.

    - Биринчи ғалабангиздан сўнг ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
    - Мен “Гамба” учун хурсандман. Лекин бу муваффақиятни тезроқ унутишимиз керак. Чунки биз бунгача йўқотилган кўп нарсани тиклаб олишимиз даркор.

    - Сиз руҳий томондан жудаям оғир аҳволда эдингиз. Ушбу ғалабадан сўнг ўзингизни бироз енгил тортдингизми?
    - Очиғи, ҳа. Бизга бу 3 очко ғоятда зарур эди. Энди ўзимизни бироз енгил ҳис қиляпмиз. Аммо Лигадаги қолган уч учрашувдан иккитасини меҳмонда ўтказамиз. Плей-офф сари барчамиз борки имкониятларимизни ишга соламиз, деб ваъда бераман.

Мавзуга оид бошқа хабарлар