Янгиликлар

  • Солиевнинг Чемпионлар Лигасидаги голлари 12тага етди

  • Сана: 12.03.2009
  •  Кеча “Ал-Иттифоқ” дарвозасига икки тўп киритган Анвар Солиевнинг Осиё Чемпионлар лигаси турнири тарихидаги голлари сони 12тага етди. Ва энди Солиев Лиганинг умумий тўпурарлари рўйхати карвонбошчиси, жанубий кореялик Ан Чжун Хванга етиб олди.

     
    Анвар Солиевнинг турнирдаги илк голи - дастлабки мусобақанинг биринчи туридаёқ расмийлаштирилган эди. 2002 йилнинг 13 ноябрь санасида кечган “Пахтакор” – “Ал-Ахли” (БАА) учрашувининг 27-дақиқасида Солиев ўйиндаги ҳисобни очганди. Якуний натижаси эса пахтакорчилар фойдасига – 3:2 ҳисобида интиҳо топганди.
     
    Кўпчиликка машҳур бўлган жанубий кореялик юлдуз – Ан Чжун Хван ОЧЛдаги 12 голини Япониянинг “Шимицу С-Палс” ва “Иокогама Ф. Маринос” жамоалари таркибида киритган. Айни вақтда ушбу ҳужумчи Жанубий Кореянинг “Пусан ИПарк” жамоасида тўп сурмоқда. Ушбу жамоанинг жорий йилги Осиё Чемпионлар лигаси мусобақасида қатнашмаётганини инобатга олсак, Солиевда турнирнинг умумий тўпурарлари рўйхатининг якка карвонбошчиси бўлиб олиши учун ажойиб имконият бор.
     
    Суриялик Фираса Ал-Хатиби (Қувайт клублари таркибида) ва яна бир жанубий кореялик Ким До Хун активларида 11тадан гол бор. Хитойлик Хао Хайдон, эронлик Махмуд Карими ва бразилиялик Магну Алвешлар Япония, Қатар ва Саудия Арабистони клублари таркибларида 10тадан голга муаллифлик қилишган.

Мавзуга оид бошқа хабарлар