Янгиликлар

  • ОЧЛдан ОЛДИНГИ «РЕПЕТИЦИЯ» АЖОЙИБ ЧИҚДИ

  • Сана: 10.03.2009
  • Мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони ва кубоги соҳиби – “Бунёдкор” 2009 йилги футбол мавсумининг ўз майдонидаги дастлабки учрашувини, олий лига 2-тур доирасида Зарафшоннинг “Қизилқум” клубига қарши ўтказиб, йирик 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

    Мавсумлар оралиғида пойтахтимиздаги "Жар" стадиони капитал таъмирдан чиқарилиб, жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган ҳолга келтирилди. Ушбу мавсумдаги уй учрашувларини айнан "Жар" стадионида ўтказадиган мамлакатимиз чемпиони бугун кучли ёмғир ёғишига қарамасдан стадионга ташриф буюрган мухлислар учун жуда чиройли футбол намойиш этиб берди. Бугун Жарга келган ҳар бир мухлис ўз уйига ажойиб кайфият ила йўл олди, дейишга етарли асослар бор. Биринчидан стадионда мухлисларга яратилган жуда қулай шароитлар бунга сабаб бўлган бўлса, иккинчидан Ривалдо сардорлиги остида майдонга тушган “қалдирғочлар” жуда чиройли ўйин кўрсатишди.

    1-турда Фарғонанинг “Нефтчи” клубини мағлубиятга учратиб, сенсация қайд этган зарафшонликлар учрашувнинг илк дақиқаларидаёқ ўз дарвозаларидан икки марта тўп олиб чиқишга мажбур бўлишди. Даставвал, 6-дақиқада Анвар Ғофуров томонидан дарвозага йўлланган кучли зарба йўналишинини чилилик ҳужумчимиз Хосе-Луис Вильянуэва бироз ўзгартириб юборди. Бундай бўлишини кутмаган Антон Мейранов Вильянуэванинг зарбасини қайтариб қола олмади – 1:0. Орадан уч дақиқа ўтиб яна ўша Вильянуэва гол муаллифига айланди. Шу куни расмий дебютини ўтказган бразилиялик легионеримиз Эдсон Рамос ўнг қанотда бир ҳимоячини доғда қолдириб, тўпни жарима майдончаси ичида жуда қулай вазиятда турган Вильянуэвага етказиб берди. Хосе-Луиснинг биринчи зарбасидан кейиноқ тўп дарвоза тўрига бориб тушди – 2:0.

    Йирик ҳисобдаги мағлубиятдан қутилиш учун “Қизилқум” устози Рустам Забиров танлаган 6-3-1 тактикаси ҳам иш бергани йўқ. Аксинча, зарафшонликларнинг ҳимоя чизиғи тезкор голлардан сўнг саросимага тушиб қолди. Биринчи бўлимнинг қолган дақиқалада ҳам майдон эгалари ҳисобни яна ҳам йириклаштиришлари мумкин эди. Аммо яратилган вазиятлардан унумли фойдаланилмади.

    Иккинчи бўлимда ҳам тўлиқ ташаббус Амем Мемет шогирдларида бўлди. 53-дақиқада Саҳоб Жўраев ўрнига майдонга туширилган Жасур Ҳасанов 67-дақиқада жуда чиройли голга муаллифлик қилди. Жасур дарвозадан чамаси 23-24 метрлар узоқликдан Мейрановнинг чап, пастки бурчагини аниқ нишонга олиб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди – 3:0. 76-дақиқада эса 2008 йилги Осиёнинг энг яхши футболчиси – Сервер Жепаров ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди. Қанотдан Карпенко томонидан етказиб берилган тўпни Жепаров яқин масофадан дарвозага тўғрилаб қўйди – 4:0.

    Осиё Чемпионлар лигаси турнири старти олдидан ўтказилган ўзига хос “репетиция” кўнгилдагидек ўтди. Бугунги баҳсда Амет Абдуллаевич турли хил тактикаларни қўллаб, қитъамизнинг клублар ўртасидаги энг нуфузли турнири олдидан футболчиларнинг турли позицияларда синаб олди.

    Ҳозирча сўнг юз фоизли натижа қайд этаётган “Бунёдкор” 2-турдан сўнг турнир жадвали пешқадамлигини ўз қўлига олди. Мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони ва кубоги соҳиблари 11 март куни Осиё Чемпионлари лигаси турниридаги иштирокини Саудия Арабистонининг “Ал-иттифоқ” клубига қарши баҳс билан бошлайдилар.

    БУНЁДКОР - ҚИЗИЛҚУМ 4:0 (2:0)
    Голлар: Вильянуэва 6 (1:0), Вильянуэва 9 (2:0), Ҳасанов 67 (3:0), Жепаров 76 (4:0)
    Амалга оширилмаган пенальти: Бақоев 85 (дарвозабон)
    Огоҳлантириш: Досанов 78
    “Бунёдкор” (Тошкент): Зуҳуров, Гочгулиев, Луизао, Ғофуров, Ҳайдаров, Рамос (Карпенко 72), Ривалдо, Вильянуэва (Бақоев 60), Жўраев (Ҳасанов 53), Виктор, Жепаров
    “Кызылкум” (Зарафшон): Майеранов, Гладков, Бахуринский, Насибуллаев, Ерохин, Мамадалиев, Швец, Абдуллаев, Рустамов (Раупов 67), Досанов, Крушельницкий (Постолатьев 52)
    Ҳакамлар: В.Кострикин (Жомбой). Ф.Ҳасанов, Р.Гапуров (иккаласи Наманган). В.Нажафалиев (Тошкент)
    Назоратчи: И.Раҳимов (Андижон)
    6 март. Тошкент. «Жар» стадиони. 3 888 томошабин

     

     

     

     

     

Мавзуга оид бошқа хабарлар