Янгиликлар

  • «Мустақиллик Кубоги». Тарбияланувчиларимизга тенг келадигани топилмади

  • Сана: 24.08.2019
  • Беш кун давомида «Бунёдкор» академияси майдонларида бўлиб ўтган «Мустақиллик Кубоги» бугун ўз ниҳоясига етди.

    Икки ёш тоифасида (2007, 2008 йиллар), тўрт гуруҳда ғолиблик учун кураш олиб борган иштирокчилар бугун ҳал қилувчи ўйинларда майдонга тушди. Аҳамиятлиси, ҳар иккала ёш тоифасида ҳам финалга «Бунёдкор» академияси тарбияланувчилари етиб келди. 2008 йилда туғилган болалардан иборат жамоа финалда Қозоғистоннинг «Қайрат» клуби тарбияланувчиларига қарши саф тортди. Миразиз Мирзааҳмедов мураббийлигидаги «қалдирғочлар» учрашувни жуда яхши ўтказди. Ўйин тақдирини ягона гол ҳал қилди. Иккинчи бўлим якунланиб бораётган бир вақтда Элдор Умаров кучли зарба билан дарвозани нишонга олди. Зарба кучини инобатга олмаган дарвозабон хатога йўл қўйди ва иккинчи уринишда ҳам тўпни дарвозага йўл олишига тўсқинлик қила олмади. Таъкидлаганимиздек, бу гол ўйин тақдирини ҳал қилди.

    2007 йилги гуруҳларда финалга йўл олган академиямиз тарбияланувчиларига Тошкентнинг бошқа бир жамоаси «Эден Спорт» қаршилик кўрсатди. Айтиш керак, Александр Хвостунов мураббийлигидаги «қалдирғочлар» финалда жиддий қаршиликка дуч келишди. Учрашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилгани йўқ. Шундан сўнг жамоалар пенальтилар сериясига таклиф этилди. Футбол лотореясида ҳам кураш қизғин кечди. «Эден Спорт»нинг биргина аъзоси хатога йўл қўйди. Якунда бу «Бунёдкор-2007»нинг ғалабасига кифоя бўлди.

    Маълумот ўрнида айтиш керак, бир неча йиллардан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Мустақиллик Кубоги» бу йилдан халқаро мақомни олди. Хусусан, бу йилги турнирда Қозоғистоннинг «Baby Football» (Чимкент), «Қайрат» (Олмаота), «Атирау» (Атирау), «Шахтёр» (Қарағанда) жамоалари иштирок этди. Таъкидлаганимиздек, «Қайрат» жамоаси тарбияланувчилари финалга қадар етиб келди. Жами 600 нафарга яқин болалар футбол байрамида иштирок этди.

    «МУСТАҚИЛЛИК КУБОГИ - 2019»
    2007 йилда туғилганлар
    «ЭДЕН СПОРТ» - «БУНЁДКОР» - 0:0
    Пенальтилар серияси: 4:5

    Энг яхши дарвозабон – Никита Абряшин («Бунёдкор»)
    Энг яхши ҳимоячи – Шаҳобиддин Пўлатов («Бунёдкор»)
    Энг яхши ярим ҳимоячи – Мухтор Неъматов («Эден Спорт»)
    Энг яхши ҳужумчи – Муслим Ҳабибуллаев («Одил Аҳмедов»)

    2008 йилда туғилганлар
    «ҚАЙРАТ» (Қозоғистон) – «БУНЁДКОР» - 0:1
    Гол: Элдор Умаров.

    Энг яхши дарвозабон – Али Темирбай («Қайрат»)
    Энг яхши ҳимоячи - Хайрулла Эргашев («Одил Аҳмедов»)
    Энг яхши ярим ҳимоячи – Абдулворис Ҳожимуродов («Спартак»)
    Энг яхши ҳужумчи – Иброҳим Акбаров («Бунёдкор»)

Мавзуга оид бошқа хабарлар