Янгиликлар

  • 60 ёшингиз муборак бўлсин!

  • Сана: 24.07.2017
  • Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев 60 ёшга тўлган кун.

    Шавкат Миромонович Мирзиёев мамлакатимиз мустақилликка эришган илк даврданоқ Ўзбекистон Республикасининг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг ишончига сазовор бўлгани ҳамда унинг маслакдоши, энг яқин таянчи ва издоши сифатида самарали фаолият олиб бораёгани эътиборга лойиқ.

    Мирзо-Улуғбек тумани, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари, Олий Мажлис депутати, ҳукумат бошлиғи, эндиликда президент сифатида кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш орқали жонажон ватанимизни янада юксалтириш, халқимиз турмушини фаровон қилиш борасида ўзининг юксак салоҳияти ва моҳир ташкилотчилик қобилиятини намоён этмоқда.

    Шавкат Миромонович Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий масалалар билан бир қаторда спорт соҳасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, ёшларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиб келаётгани барчага яхши маълум. Жумладан, нафақат мамлакатимиз, балки минтақада тенгсиз муҳташам “Бунёдкор” стадиони барпо этилишида бевосита жонбозлик кўрсатгани, бунёдкорлик ишларига бош-қош бўлиб, мажмуада футболчи ва мураббийлар, мухлис ва журналистлар учун барча шарт-шароит яратилишига улкан ҳисса қўшгани, болалар-ўсмирлар футбол мактабининг энг янги талаблар асосида жиҳозланишига эътибор қаратгани “Бунёдкор” футбол клуби ва стадиони жамоаси томонидан юксак қадрланади.

    Президент Мирзиёев ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни изчил амалга оширишда ёшларга таянишини алоҳида таъкидлаб келади. “Бунёдкор” футбол клуби ҳам бу борада мамлакатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, терма жамоаларимиз учун муносиб номзодларни вояга етказиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон ўсмирлар, ёшлар, олимпия терма жамоаларига жалб этилаётган футболчиларнинг катта қисми “Бунёдкор” мактабидан чиқаётганида Шавкат Миромоновичнинг ҳам ҳиссаси бор деб баралла айта оламиз.

    Ўзбекистоннинг беш карра чемпиони, тўрт маротаба мамлакат кубоги соҳиби, Осиё чемпионлар лигасининг ярим финалларида икки марта ўйнаган “Бунёдкор” клуби ҳамда стадион жамоаси Шавкат Миромонович Мирзиёевни қутлуғ ёши билан муборакбод этади. Халқимиз бахтига соғ бўлинг, барча эзгу режаларингиз амалга ошишига тилакдошмиз ва Сизга ўз соҳамизда кўмакдош бўлишга ҳаракат қиламиз, муҳтарам Президент!

Мавзуга оид бошқа хабарлар