Янгиликлар

  • Сергей Лушчан: “Мухлисларга раҳмат”

  • Сана: 28.02.2017
  • “Бунёдкор” – “Ал-Айн” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “қалдирғочлар” устози Сергей Лушчан қатнашди.

    - Аввало, бугун стадионга келиб, бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларга миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Айниқса, жамоамиз ютқазиб турган пайтда мухлисларнинг далдаси қўшимча куч бағишлади. Рақиб бугун кучлироқ эди ва шунинг ҳисобига ғалаба қозонди. Мен жамоамизда жангчиларга хос руҳ йўқ, деган фикрга қўшилмайман. Шогирдларим бугун қандай ҳаракат қилганини ҳамма кўрди. Хатто майдонда 10 киши қолганимизда ҳам ёмон ўйин кўрсатмадик. Ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Афсуски, вазиятлардан оқилона фойдалана олмадик. Акрамжон Комилов билан юз берган ҳолат бу – биринчиси эмас. У ўсмирлар ва ёшлар терма жамоасида ҳам, “Бунёдкор”да ҳам қизил карточка олган. У жамоага ёрдам бергиси келди, бироқ ҳиссиётларини жиловлай олмади. Комилов жуда меҳнаткаш ва ҳаракатчан йигит. У машғулотларда энг кўп тер тўкадиган футболчи эканлигини жуда яхши биламан. Акрамжон билан ишлашда давом этамиз. Жазо тариқасида уни захира ўриндиғига ўтказиб, клуб ҳеч қандай фойда топмайди. Ҳозирча жамоани ўйинини бошқара оладиган яққол етакчи футболчимиз йўқ. Бундай футболчини четдан олиб келмаймиз, аксинча ўзимиз тарбиялаймиз. Масалан, Нурилло Тўхтасиновдан умидимиз катта. Бир нарсани тўғри тушуниш керак. Биз бугун қандайдир рақиб билан эмас, ОЧЛнинг амалдаги финалчиси ва қитъамизнинг энг кучли жамоаларидан бирига қарши тўп тепдик. Ўйлайманки, бугун орттирилган тажриба ички чемпионатда ўз самарасини беради. Бугунги баҳс тарихда қолди. Энди бор эътиборимизни остонамизда турган олий лига учрашувига қаратамиз, - дейди Сергей Лушчан.

Мавзуга оид бошқа хабарлар