Янгиликлар

  • Сергей Лушчан: “Чемпионлар лигасида муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламиз”

  • Сана: 11.02.2017
  • “Ал-Жаиш” – “Бунёдкор” учрашувидан кейин “қалдирғочлар” устози Сергей Лушчан билан суҳбатлашдик.

    Доҳадаги ғалаба аҳамияти
    Ғалаба қозониш доимо ёқимли. Айниқса, кучли жамоага қарши меҳмондаги ютуқ икки карра хурсандчилик улашади. “Ал-Жаиш”нинг 2016 йилги мавсумда Осиё Чемпионлар лигаси ярим финалига қадар етиб борганини унутмаслик керак. Ёшларимиздан мамнунман. Ҳозирча олдимизга қўйилган минимум вазифа – гуруҳ босқичига чиқишни уддаладик. Гуруҳ босқичида қизғин кураш ва оғир баҳслар кутиб турибди. Мусобақада муносиб иштирок этишга ва мухлисларимизни ғалабалар билан қувонтиришга ҳаракат қиламиз. Қитъамизнинг кучли клублари билан бўладиган ўйинларда орттириладиган тажриба ёшларимизнинг кейинги фаолиятлари янада ёрқинроқ бўлишига ёрдам беради. Бу эса нафақат футболчиларимизнинг ўзига, балки Ўзбекистон терма жамоалари учун ҳам фойдали бўлади.

    Рақиб ҳақида
    “Ал-Жаиш”нинг бир нечта учрашувини ўрганиб чиққандик. Қатарликлар бизга қарши ўзларининг охирги вақтлардаги энг яхши ўйинларидан бирини намойиш этишди. Масалан, биз билан баҳс давомида тажрибали Сейду Кейта жуда фаол бўлди. Сабри Лямуши бошчилигидаги мураббийлар биз билан учрашувда ўйин услубларини, айрим футболчиларнинг позициясини ўзгартиришди. Миллий чемпионатдаги ишлари у қадар яхши эмаслиги учун асосий эътиборни Чемпионлар лигасига қаратишган эди. “Ал-Жаиш” бир нечта голли вазиятлар яратди. Яхшиямки, бахтимизга улардан фойдалана олмади.

    Бизнинг таркиб ҳақида
    “Бунёдкор”нинг асосини футбол сир-асрорларини ўз мактабимизда ўрганаётганлар ташкил этаётганидан мамнунмиз. “Ал-Жаиш”га қарши баҳсда ўйнаган футболчиларнинг аксарияти ўзимизнинг тарбияланувчилар эди. 1997 йилда таваллуд топган Нурилло Тўхтасинов ва Жавоҳир Эсонқулов илк бор “Бунёдкор” сафида расмий учрашувда майдонга тушишди. Улар худди бошқа жамоадошлари сингари ишончимизни оқлашди. Асосий таркибимизга кириш учун ёшлар орасида соғлом рақобат юзага келганидан хурсандман. “Заявка”миздан кимларни тушириб қолдириш ҳақида ўйлайдиган вазиятга тушиб қолдик ва бу жиҳат мураббийлар штаби учун яхши маънода “бош оғриғи” бўлмоқда. Қатар клуби вакиллари таркибимиздаги ёшларни кўриб ҳайрон қолишди.... Ўша ёшлар зафар қучгани эса бизни хурсанд қилди.

    Ўйин ҳақида
    Умуман олганда, режамиз иш берди. Ўйин бошлариданоқ ишончли ўйин намойиш этиб, рақибга ҳужум қилиш учун имкон бермадик. Мудофаа қўрғонимизга юклатилган вазифани ҳимоячиларимиз бошқа чизиқлардаги шериклари қўллаб-қувватлагани ҳолда аъло даражада бажаришди. Балки шунинг учун ҳам ҳужумларга ўтишда бироз ишимиз юришмади. “Ал-Жаиш”нинг тажрибали футболчилари босимига чидам билан дош бериб, вақти-вақти билан олдинга ўтишга ҳаракат қилдик. Керак пайтда, тўпни ўз назоратимизда ушлаб туриб, жамоавий тарзда ҳужум уюштирдик ва мезбонларни кўпчилик бўлиб ҳимояланишга мажбур қила олдик.

    Пенальтилар серияси ҳақида
    Пенальтилар серияси – бу жуда катта масъулият ва руҳий босим. Ҳамма ҳам дош бера олмайди. Футболчиларимиз машғулотлардан кейин 11 метрлик нуқтадан зарба бериш борасида мунтазам равишда алоҳида машқ қилишади. Таркибимиздаги бир нечта футболчи Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларидаги иштироки орқали пенальтилар сериясида қатнашиб, тажриба орттирган. Шуларни инобатга олган ҳолда дастлабки зарбаларни беришни Ҳамдамов, Ашурматов, Шомуродов каби футболчиларга топширдик. Дарвозабон Муроджон Зуҳуров ишончимизни оқлади. Тажрибали посбонимиз ўта муҳим пайтда жамоа жонига оро кирди.

    Сардор Рашидов ҳақида
    Рашидов, шак-шубҳасиз, кучли футболчи, “Бунёдкор”нинг иқтидорли тарбияланувчиси. Ҳозирда у “Ал-Жаиш”нинг ҳақиқий етакчиси. Сардор Рашидов “Ал-Жаиш”нинг муҳим голларини уриш билан бирга жамоадошларини қулай вазиятга чиқаришни ҳам қойилмақом қилиб уддалайди. Бироқ, бизга қарши учрашувда у ўзи хоҳлагандек ўйин кўрсата олмади. У бизга қарши катта иштиёқ билан ўйнамоқчи эканлигини яширмади, лекин Рашидовни бизникилар ёпиб қўйишни уддалашди. Таркибимиздаги ёшлар нафақат Сардор, балки рақибнинг бошқа футболчиларидан чўчишмади, уларнинг эркин ҳаракат қилишига имкон беришмади.

    Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи олдидан ўзгаришлар хусусида
    Ҳозирги вақтда таркибимизда иккита хорижлик футболчи бор. Душан Мичич марказий ҳимояда ҳам, таянч ярим ҳимоясида ҳам бемалол ўйнай олади. Вадим Чемиртан тиббий кўрикдан ўтиш даврида муаммоларга дуч келди. Шунинг учун ҳам у ҳали оптимал формага кирганича йўқ. Жамоамиз ҳужумкор ўйин кўрсатадиган баҳсларда, позицион ҳужумлар ва стандарт вазиятларда Чемиртан фойда келтириши мумкин. Лекин ҳимоядан ўйнайдиган учрашувларга у ҳали тайёр эмас. Ўйлайманки, Вадим тез орада жамоамизга мослашиб, бизга ёрдам бера олади. Гуруҳ босқичи учрашувлари бошланишига жуда оз вақт қолди. Бундай паллада кимнидир таркибга қўшиб олиш ёки рўйхатдан ўтказишга улгурмаслигимиз мумкин. Балки, ёзги трансфер пайтида сафимизда хорижлик футболчилар пайдо бўлишар. Шунда ҳам легионерлар бизникилардан бир бош баланд бўлса. Футбол мактабимиз самарали фаолият юритмоқда. Демак, асосий эътиборни биринчи навбатда ўзимизнинг тарбияланувчиларга қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу нафақат клубимиз, балки бутун ўзбек футболига фойда келтиради.


    Мирзаҳаким Тўхтамирзаев суҳбатлашди.

Мавзуга оид бошқа хабарлар