Янгиликлар

  • Жанубий Корея билан бешинчи, Шарқ билан ўнинчи тўқнашув

  • Сана: 20.03.2012
  • “Бунёдкор”нинг бугунги ўйини ўзбек клубларининг Осиё Чемпионлар лигасида Корея Республикаси жамоалари билан ҳисоб бўйича бешинчи, Шарқий Осиё минтақаси вакиллари билан эса ўнинчи учрашуви бўлади. Бунгача корейслар билан “Пахтакор” ва “Бунёдкор” иккитадан беллашув ўтказишган.

    Шарқ клублари билан кечган тўққиз ўйинда футболчиларимиз жами 8та гол киритишган: Жепаров - 3та, Карпенко - 2та, Солиев, Пардаев, Мурзоев - 1тадан. Энг қизиғи, Сервер Жепаровдан ташқари, бу футболчиларнинг тўрттаси айни дамда “Бунёдкор” сафида тўп суришади ҳамда бугун Похандаги баҳсда майдонга тушишга тайёрлар ҳам.

    Биз кеча “Бунёдкор”га ҳозирча фақат мухлислик қилиш орқалигина ёрдам бера оладиган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда Саудия Арабистонининг “Ал-Шабаб” клуби ярим ҳимоячиси Сервер Жепаров билан боғландик:
    - Биринчи турда “Аделаида”дан учралган мағлубиятдан сўнг “Бунёдкор” Похандан ҳеч бўлмаганда бир очко олиб кетиши шарт. Табиийки, “Бунёдкор”га бу жудаям оғир кечади. Жамоа ғоятда қийин гуруҳга тушиб қолган. Лекин ҳаётда иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Мен барча йигитларга ҳамда Миржалол Қўшоқовичга “Стилерз” билан ўйинда омад тилаб қоламан! Жонажон клубимга Саудиядан туриб албатта мухлислик қиламан.

    Яна бир эътиборли маълумот. Бугунги “Похан Стилерз” - “Бунёдкор” учрашувини бошқарадиган БААлик Али Ҳамад Ал-Бадвави бунгача ҳам жамоаларимизнинг Шарқий Осиёдан бўлган клублар билан ўйинида бир марта реферилик қилган. Бу воқеа 2008 йили “Бунёдкор” - “Аделаида Юнайтед” (1:0) беллашувида юз берган эди.

    Ўзбекистон/Шарқий Осиё қарама-қаршилигидаги барча учрашувлар
    1) 09.04.2003. 1/2 финал. БЕК Теро Сасана (Таиланд) - Пахтакор 3:1
    Голлар: Воравут Шримака 41, Кванчаи Фуангпракоб 69, Тердсак Чаиман 84 - Анваржон Солиев 80

    2) 22.04.2003. 1/2 финал. Пахтакор - БЕК Теро Сасана 1:0
    Гол: Сервер Жепаров 86

    3) 20.10.2004. 1/2 финал. Соннам Илхва Чонма (Жанубий Корея) - Пахтакор 0:0

    4) 27.10.2004. 1/2 финал. Пахтакор - Соннам Илхва Чонма 0:2
    Голлар: Ким До-Хун 37, Дуду 56

    5) 08.10.2008. 1/2 финал. Аделаида Юнайтед (Австралия) - Бунёдкор 3:0
    Голлар: Диего 57, Фабиан Барбиеро 76, Кристиано 89 пенальти

    6) 22.10.2008. 1/2 финал. Бунёдкор - Аделаида Юнайтед 1:0
    Гол: Баҳодир Пардаев 78

    7) 23.09.2009. 1/4 финал. Бунёдкор - Похан Стилерз (Жанубий Корея) 3:1
    Голлар: Виктор Карпенко 29, Сервер Жепаров 79, 85 - Но Бюн-Чжун 7

    8) 30.09.2009. 1/4 финал. Похан Стилерз - Бунёдкор 4:1 қўш.в.
    Голлар: Ким Чжа-Сун 46, Денилсон 57, 77, Стевица Ристич 102 - Виктор Карпенко 89

    9) 06.03.2012. Гуруҳ. Бунёдкор - Аделаида Юнайтед 1:2
    Голлар: Камолиддин Мурзоев 90+4 - Нигель Бугард 12, Энтони Голец 53

    Улуғбек Мирзаев,
    Похан

Мавзуга оид бошқа хабарлар