Янгиликлар

  • Қилинган селекция ишларидан “Похан Стилерз” раҳбарияти хурсанд

  • Сана: 18.03.2012
  • Жанубий Кореянинг “Похан Стилерз” клуби бу йил Осиё Чемпионлар лигасида (Лига янгича қиёфа олган 2002 йилдан бошлаб) тўртинчи маротаба иштирок этмоқда.

    Жамоа 2008 йили гуруҳ босқичидан нарига ўта олмаган. 2009 йили турнирда ғолиб чиқиш вазифасини уддалай олган. Ҳаммамизнинг ёдимизда яхши сақланиб қолган, Денилсон ва Стевица Ристичларнинг катта ҳиссалари эвазига “Похан” ўша йили чорак финалда бизнинг “Бунёдкор”дан устун келганди.

    Кейинги мавсумда энди “пўлат қуювчилар”нинг ўзлари чорак финалда тўхташган.

    2011 йили ОФК Чемпионлар лигаси “Похан”сиз ўтди.

    Бир йиллик танаффусдан сўнг Осиёнинг энг кучли клублари мусобақасига қайтган жамоа жорий мавсумда ҳам ўз олдига олий мақсадларни қўймоқда. Шунга мос равишда, “Похан Стилерз” олиб борган селекция сиёсати ҳам ўзига яраша кучли бўлди. Селекция ишлари учун клуб яқин орада тахминан 2,5 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлади. Поханга узоқ йўл босишдан етиб келиб, бизни кутиб олиш чоғида клуб бош менежери Ким Тэ-Ман билан суҳбатлашганимизда, у бизга қуйидагиларни гапириб берди:
    - Чемпионлар лигаси кубогини Поханга яна олиб келмоқчимиз. Бу учун кучли жамоа шакллантиришимиз кераклигини билган ҳолда, бу йил сафимизга маҳоратли ва савияси баланд футболчиларни жалб этдик. Ганалик ҳужумчи Дерек Асамоани ўтган мавсум олдидан Болгариянинг “Локомотив” (София) клубидан 850 минг долларга сотиб олгандик. У сал орқароқда ҳаракат қиладиган ҳужумчи. Гана терма жамоаси аъзоси, 1981 йили таваллуд топган.
    Руминиялик 29 ёшли ҳужумчи Ианис Зику ҳам таркибимизга Болгариядан келди. Уни яқинда ЦСКА (София)дан 500 минг еврога сотиб олдик. Зику биз ундан кутган натижани ҳозирча оқлаяпти. Охирги иккита ўйинимиздаги учала голнинг барчасига айнан Ианис муаллифлик қилди. Бўйи 176 см бўлишига қарамай, Зику анча абжир ва тез, шу боисдан ҳам у рақиблар учун жуда хавфли.
    Бизнинг энг қиммат харидимиз - бу сербиялик бўйдор (190 см) марказий ҳимоячи Зоран Рендулич. 28 ёшли ҳимоячини биз Сербиянинг “Явор” (Иваница) клубидан 900 минг доллар эвазига сотиб олдик.

    - Осиёлик легионер лимитидан фойдалана олмадингларми?
    - Юқоридаги футболчилар билан битим имзолаш баробарида биз ўзимизнинг керакли нуқталаримизнинг барчасини кучайтира олдик ва биз бундан хурсандмиз. Шунингдек, эсдан чиқармаслик лозим, биз Жанубий Кореянинг бошқа клубларидан ҳам ўйинчилар олганмиз. Шу сабабдан осиёлик легионер лимити бизни унчалик қизиқтирмади.

    Улуғбек Мирзаев,
    Похан

Мавзуга оид бошқа хабарлар