Онлайн трансляция

"АЛ-ЖАЗИРА" (БАА) - "БУНЁДКОР"

2010 йил 8 февраль. Абу-Даби. Ўртоқлик учрашуви

Саҳифа ҳар 1 дақиқада автоматик янгиланади.

'
Азиз ишқибозлар, бугунги он-лайн трансляциямиз давомида биз билан бирга бўлганингиз учун сизга чуқур миннатдорчилик изҳор этамиз! Ҳаммангизга соғлик-омонлик тилаган ҳолда, сизлар билан ҳозирча хайрлашамиз!
'
"Ал-Жазира" "муросали" жамоа эканлигига бугун яна бир бор гувоҳ бўлдик. Ўтган йилги Чемпионлар лигасида бу клуб гуруҳдаги 6 учрашувдан 5тасида дурангга имзо чекканди: "Истиқлол" билан сафарда 1:1 ва ўз майдонида 2:2, "Ал-Иттиҳод" билан уйда 0:0 ва сафарда 1:1, "Умм Салал" билан меҳмонда 2:2. Бундай ҳолат футболда камдан-кам бўлади.
90'
Ҳа, мана ҳакам учрашув якунлангани ҳақидаги ҳуштакни чалди. Абу-Дабидаги баҳсда ҳисоб очилмади - 0:0.
88'
Ўйин охирлаб қолди.
86'
Собис яна деярли шундай масофадан Нестеровни текшириб кўрди. Энди 27 метрлардан зарба. Буниси энди ноаниқ чиқди.
85'
Рафаэль Собис 26 метрлардан зарба берганди. Бунақанги зарбаларга Нестеров ҳамиша хушёр туради.
83'
Навбатдаги ўзгариш. Анзур Исмоиловни Санжар Тўрақулов алмаштирди.
81'
Бу гал жаримани захирадан тушган бразилиялик Рафаэль Аугусту Собис бажарди. Ҳужумчининг зарбасини Нестеров ушлади.
81'
Анзур Исмоилов Анзур Исмоилов қўполлик қилди ва ҳакамдан сариқ карточка олди.
80'
Майдон эгаларининг хавфли ҳужуми. Яна Субаит Хатир. Унинг 23 метрлардан зарбасини Нестеров қийинчилик билан майдон ташқарисига буриб юборди. Бурчак тўпи.
78'
"Бунёдкор" мезбонлар дарвозасини кетма-кет икки бор "ўққа тутди". Аввал Анзур Исмоилов ўткир бурчакдан, сўнг Анвар Солиев зарба беришди. Аммо иккала сафар ҳам натижасиз.
75'
Тажрибали Субаит Хатирнинг 25 метрлардан кучли зарбаси. Игнатий Нестеров ўз ўрнида. У тўпни бемалол ушлаб олди.
74'
Бизда ўйинчи алмаштирилди: Жепаровнинг ўрнига энди Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров тўп суради.
69'
Зарбани ўзига олган футболчи - бу 6-рақамли ҳимоячи Рашид Абдулраҳмон. У ўйинга, юқорида айтиб ўтдикки, 2-бўлимда қўшилди.
67'
Жепаров тўпни аутдан киритди. Тўпни қабул қилиб олган Анвар Солиев уни Анвар Раҳимовга етказди. Раҳимовнинг жудаям кучли зарбаси "Ал-Жазира" ҳимоячисига тегди. Ҳимоячи майдонга қулади. Унга шифокорлар ёрдам кўрсатишмоқда.
65'
Бизда иккита ўзгариш. Кападзенинг ўрнига Хайрулла Каримов, Ҳасановнинг ўрнига Анвар Солиев чиқарилдилар.
63'
Энди Ристичга тўп ўнг қанотдаги ҳужумимиз якунида етказилди. Лекин Стевонинг бош билан зарбаси яна ноаниқ.
61'
Бурчак тўпидан футболчиларимиз самара чиқара олишмади.
60'
Жепаров ҳужумда Ристичга пас берди. Аммо македониялик ҳужумчимиз йўналтирган тўп дарвоза ёнидан ўтиб кетди.
58'
"Бунёдкор" ўйинда ташаббусни ўз қўлига олди. Энди тўпни ушлаб туриш бўйича "қалдирғочлар" яққол олдинда: 65 фоизга - 35.
55'
Жасур Ҳасанов чап қанотдан ҳужум уюштирди ва тўпни рақиб жарима майдончасига етказди. Бироқ Стевица Ристичнинг бош билан зарбаси бироз ноаниқ кетди.
50'
2-бўлимни жамоалар жудаям фаол, жудаям ҳужумкор руҳда бошлашди.
50'
Энди олдинга араблар ўтишди. 24-рақамдаги Субаит Хатир тўпни 8-рақамдаги Абдулла Қосимга оширди. Унинг ўткир бурчакдан зарбаси аниқ чиқмади.
48'
"Бунёдкор" бўлимни ҳужум билан бошлади. Жепаров ўнг тарафдан зарба берди. Бироқ тўпни рақиб посбони ушлаб қолди.
46'
"Ал-Жазира" мураббийлар штаби 10та футболчини алмаштирди. Дарвозабон, 55-рақамдаги Али Хасифдан ташқари қолган барча футболчилар алмаштирилди.
46'
Иккинчи тайм бошланди.
'
Бизда бир қатор ўзгаришлар: Денилсон ўрнига Стевица Ристич, Ковалёв ўрнига Саҳоб Жўраев, Ғофуров ўрнига Гочгули Гочгулиев, Карпенко ўрнига Эдсон Рамос, Ҳайдаров ўрнига Анвар Раҳимов майдонга чиқишди.
'
Учрашув ОФК бу йилги Чемпионлар лигаси учун махсус жорий этган тўпда ўйналмоқда. Бу ҳол Чемпионлар лигасида қатнашадиган иккала жамоа учун ҳам фойдали.
'
Айтиб ўтиш жоиз, учрашувга БААдаги ўзбекистонликлар ҳам ташриф буюришган. Уларнинг сони тахминан 30та атрофида.
'
Иккинчи бўлим бошланиш арафасида. Биринчи бўлим томонларнинг тенг курашида ўтди. Энди бу ёғига ўйин қандай кечаркин?
45'
Биринчи бўлим якунланди. Ҳозирча 0:0.
44'
Араблар бурчак тўпи амалга оширишди. Хавфли вазият. Ҳайриятки, 7 метрлардан Али Салим Ал-Амри бўш қолган дарвозамизни нишонга ола билмади. Тўп мўлжалдан баланд кетди.
43'
Жоао Виктор Жоао Виктор Рикарду Оливейрага қарши қўпол ўйнади. Ҳакам Викторга сариқ карточка кўрсатди.
42'
"Қалдирғочлар"нинг чап қанотдан жудаям чиройли комбинацияси: Ҳасанов-Жепаров-Денилсон. Натижада тўп Жоао Викторга келиб тушди. Унинг 17 метрлардан зарбаси аниқ чиқмади.
40'
Жепаров 30 метрлардан дарвозани нишонга олишга ҳаракат қилди. Аммо тўпни "Ал-Жазира" посбони ушлаб олди.
39'
Денилсон икки таъқибчисини алдаб ўтди. Уни араблар йиқитишди. Жарима зарбаси.
37'
Рақибларга бурчак тўпи ҳеч нарса бермади.
36'
Рақиб ўрта чизиқ вакили Иброҳим Диакини ярим ҳимоячиларимиз йиқитишди. Жарима зарбаси. Нестеров дарвозасигача масофа 22 метр. Ёсир Матарнинг зарбасидан сўнг тўп "жонли деворга" тегиб, майдон ташқарисига чиқиб кетди. Бурчак зарбаси.
32'
"Бунёдкор"нинг навбатдаги ҳужуми. Жепаров-Денилсон-Ҳасанов комбинацияси. Жасур тўпни Жепаровга оширди. Осиёнинг 2008 йилдаги энг яхши футболчисининг 12 метрлардан кучли зарбаси. Лекин тўп ҳимоячига тегиб қайтди.
29'
Ғофуров тепган жаримани Денилсон ишлаганди. Мезбонлар уни йиқитиб қолишганди.
28'
Рақиблар қоида бузишди. Уларнинг дарвозаси томон 23 метрлардан жарима зарбаси. Тўпга Анвар Ғофуров яқинлашди. Аммо зарба тўғри кетмади.
25'
Бу гал олдинга Сколари шогирдлари ўтишди. Денилсонда зўр вазият. Афсуски, 7 метрдан Денилсон тўпни дарвозага аниқ йўналтира олмади.
24'
Ўйин жудаям тез кетяпти. Жамоалар бирин-кетин ҳужумлар алмашишмоқда.
23'
Энди ҳужумга "Ал-Жазира" ўтмоқда. Рикарду Оливейра Карпенкони алдаб ўтиб, тўпни Иброҳим Диакига оширди. Бироқ Диаки 16 метрлардан берган зарба ноаниқ кетди.
20'
Ўнг қанотдан Виктор Карпенко ҳужум бошлади. Тўпни Сервер Жепаровга оширди. У энди, ўз навбатида, тўп билан Кападзени таъминлади. Бироқ дарвоза олдида тўпни рақиб ҳимоячиси қайтариб қолди.
16'
Навбатдаги ҳужумимизда Денилсон "Ал-Жазира" посбони Али Хасиф билан бирга-бир вазиятга чиқди. Аммо янги легионеримизга омад кулиб боқмади. Унга дарвозани ишғол қилиш насиб этмади.
11'
"Муҳаммад бин Зайид" стадионига бугун "Ал-Вахда" мураббийлари ҳам ташриф буюришган бўлса ажаб эмас. 6 февраль куни Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига йўлланма олган "Ал-Вахда" "Бунёдкор" жой олган "В" гуруҳига қўшилди. Энди, "Ал-Жазира" каби, Абу-Даби шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи "Ал-Вахда" ҳам "қалдирғочлар"ни ўрганишга тушганлиги аниқ. Айниқса "Бунёдкор" Абу-Дабига келган маҳалда.
08'
Тўпни эгаллаш ҳолати ҳам бир хил: Тўпни 50 фоиз бизнинг футболчилар олиб юришибди, 50 фоиз - "Ал-Жазира" аъзолари.
08'
Ҳозирча ўйин тенг кетяпти.
06'
Ҳасанов қарши ҳужум уюштиришда тошкентликларнинг энг хавфли "қуроли" эканлигини исботламоқда.
05'
Викторнинг зарбаси, афсуски, мўлжалдан ноаниқ кетди.
05'
Энди "Бунёдкор" ҳужумга ўтди. Ҳасанов Жоао Викторга тўпни оширди.
04'
Рикарду Оливейра жамоадоши Аҳмад Жумани Нестеров билан яккама-якка ҳолатга олиб чиқди. Бу вазиятда Игнатий тўпни қайтаришга эришди.
03'
"Ал-Жазира" захирасида бразилиялик яна битта ўйинчи бор. У ҳужумчи Рафаэль Аугусту Собис. У Бразилия олимпия терма жамоаси таркибида Пекин-2008 Олимпиадасининг бронза медали совриндори.
01'
Ўйин бошланди.
'
Рақиблар сафида ўйинни иккита легионер бошлайдилар. Уларнинг иккаласи ҳам Бразилиядан: ярим ҳимоячи Марсиу Розариу ва ҳужумчи Рикарду Оливейра.
'
"АЛ-ЖАЗИРА" ТАРКИБИ: "Ал-Жазира" таркиби:
55. Али Хасиф (GK)
23. Ҳолид Сабил
7. Аҳмад Жума
5. Абдулсалом Жума
18. Абдулла Муса
81. Тариқ Аҳмад
27. Али Салим Ал-Амри
10. Иброҳим Диаки
80. Ёсир Матар
9. Рикарду Оливейра
4. Марсиу Розариу
'
4 февраль куни "Ал-Нахда" билан кечган учрашувдаги бошланғич таркиб билан солиштирадиган бўлсак, Луиз Фелипе Сколари бу гал биринчи "11таликка" битта ўзгариш киритди. Саҳоб Жўраев ўрнига бу сафар илк дақиқадан тўп суриш ҳуқуқи Александр Ковалёвга берилди.
'
"БУНЁДКОР" ТАРКИБИ: "Бунёдкор" ўйинни қуйидаги таркибда бошлайди:
44. Игнатий Нестеров
14. Александр Ковалёв
24. Анзур Исмоилов
6. Анвар Ғофуров
19. Жасур Ҳасанов
7. Азиз Ҳайдаров
18. Тимур Кападзе
22. Виктор Карпенко
29. Жоао Виктор
30. Сервер Жепаров
11. Денилсон
'
"Ал-Жазира" бу йил БАА миллий лигасида пешқадамлик қилмоқда. 13 учрашувда 33 очко жамғариб, клуб 2-ўриндаги "Ал-Вахда"ни уч очко ортда қолдирмоқда. Бугунги рақибимиз мамлакатнинг жорий чемпионатида ҳали бирор марта ҳам мағлубиятга учрамади.
'
Абу-Дабиликлар уй учрашувларини "Муҳаммад бин Зайид" стадионида ўтказадилар. Бу арена ўз бағрига 40 000 томошабин сиғдиради. Айнан шу стадионда бир неча дақиқалардан сўнг "Бунёдкор" мезбонларга қарши майдонга чиқади.
'
Бу жамоада бир пайтлар дунёга машҳур юлдузлар - Филлип Коку (Голландия), Джордж Веа (Либерия) сингари ўйинчилар тўп сурганлар.
'
Жамоани 2008 йилдан бери бразилиялик 57 ёшли мутахассис Абель Брага бошқаради. Таркибдаги энг машҳур футболчи - бу 29 ёшли ҳужумчи Рикарду Оливейра. У ўз вақтида "Валенсия", "Милан", "Сарагоса", "Бетис" каби клубларда ўйнаган.
'
Унгача "Ал-Жазира" қитъамиз клублари мусобақаларида умуман иштирок этмаган. Ўтган йили, яъни дебют мавсумида клуб гуруҳдан чиқа олмади. Жорий, янги турнирда эса "Ал-Жазира" "Ал-Аҳли" (Саудия Арабистони), "Ал-Гарафа" (Қатар) ҳамда "Истиқлол" (Эрон) клублари билан бир гуруҳдан ўрин олган.
'
"Ал-Жазира" клуби 1974 йили ташкил топган. БАА миллий чемпионатларидаги энг яхши натижаси - 2-ўрин (икки марта: 2008 ва 2009 йилларда). Шу кўрсаткичлари эвазига жамоа кетма-кет иккинчи бор бу йил Осиё Чемпионлар лигасида тўп суради.
'
Учрашув бошлангунга қадар мухлисларимизга "Ал-Жазира" ҳақида баъзи маълумотларни келтириб ўтсак.