Академия янгиликлари

 

Футбол мактаблари биринчилиги

Футбол мактаблари ўртасида хар йили ўтказиб келинаётган шаҳар чемпионати ўйинларига старт берилди. Унда “Бунёдкор” ФК академия тарбияланувчилари ҳам иштирок этишмоқда. Биз улар иштирокидаги хар бир ўйинларга алоҳида эътибор қаратамиз ва клуб расмий сайтининг Академия бўлимида  мунтазам ёритиб борамиз. Ўтган дам олиш кунлари “Бунёдкор” ва “Локомотив” клуби тарбияланувчилари 6 та ёш тоифасида ўзаро бир-бирлари билан беллашишди.


“БУНЁДКОР-А” -  “ЛОКОМОТИВ”


Дастлабки учрашув
2002 йилда таваллуд топганлар (2:0)
Куннинг дастлабки учрашуви энг кичик ёш тоифасидагилар ўртасида кечди. Улар бор эътиборларини тўпни олиб қўйишга қаратишган бўлса-да, вазият гоҳ у, гоҳ бу томонда бўлди. Майдондаги яққол устунликни ҳеч бир жамоа  ола билмади. Умуман олганда, бу ёшдагилардан бундан ортиғини кутиш ҳам бироз қийинроқ. Шунга қарамасдан ўйинда дарвозалар ишғол қилинди. Учрашувдаги биринчи гол мезбонлар томонидан киритилди. Бу вазиятда Диёрбек Раҳимқулов ўзини кўрсатиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Шундан сўнг меҳмонлар ўйинида пала-партишлик кузатила бошлади. Болакайлар анча “қизишиб” ўз дарвозаларидан яна бир гол олиб чиқишга мажбур бўлдилар.  Ҳисоб эса ўйин охиригача ўзгармай қолди - 2:0.

Тажрибанинг иштиёқдан устунлиги
2001 йил (7:0)
Кейинги  беллашув 2001 йилда таваллуд топганлар ўртасида кечди. Ўйин бошланиши билан жамоалар тўпга эгалик қилиш учун катта куч сарфлашди, бу борада устунлик яққол мезбонлар томонида бўлди. Ҳисобни ҳам айнан улар очишди. Бу вазиятда Зокир Хасанов рақиб посбонини догда қолдира олди. Орадан кўп вақт ўтмай, Сардор Усмонов жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилди. Шундан сўнг меҳмонлар олдинга ўтишга интилишди. Аммо уларнинг уринишлари самарасиз якунлади, аниқроғи “локо”чилар ҳужуми майдон марказидаёқ узилиб қолаверди. Бундан эса майдон эгалари унумли фойдаланиб, навбатдаги голлар ёмгирини ёгдиришди. Учрашувда Музаффар Олимжонов дубль, Станислав Иргашев хет-трик қайд этиб, жамоасининг  7:0 ҳисобидаги йирик галабасига ўз ҳиссаларини қўшишди.

Ўйиндаги тенгликнинг ҳисобдаги акси
2000 йил (3:2)
Учинчи бахсда жамоалар 13 ёшлик тарбияланувчилар билан ўзаро тўкнаш келишди. Жамоалар дастлаб бир-бирларини хато қилишларини кутиб, қарши ҳужум тактикасини қўллашди. Уни муваффақиятли ниҳоясига етказиш дастлаб “қалдирғочлар”га насиб этди. Ихтиёр Холмўминов жамоасининг олдинга ўтиб олишини таъминлади - 1:0. Бироқ мезбонларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади, тез орада “темирйўлчилар” ҳам голга гол билан жавоб беришди. Ҳисобдаги фарқ йўққа чиққандан кейин, томонлар ўйин темпини бироз туширишди. Лекин галабага интиладиган жамоа кўп кутиб турмаслиги аниқ эди ва шундай бўлиб ҳам чиқди. Энди ҳар икки клуб ҳам очиқ футбол намойиш эта бошлади.  Эътиборга молик томони, биринчи бўлиб яна  бунёдкорчилар рақиб дарвозасини ишгол қилишган бўлса, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, “локо” яна мувозанатни тиклади. Бу бахс дуранг билан нихоясига етади деб таҳмин қилинаётган пайтда, аниқроғи  сўнгги сонияларда майдон эгалари уч очкони илиб кетишди - 3:2.

Кўп қисмли сериалнинг бошланиши ёҳуд  чим устида ҳоккей
1999 йил (10:0)
Навбатдаги беллашувда жамоалар анча очиқ ўйин намойиш этишди. “Локомотив”  илк сониялардан бошлаб олдинга катта куч билан ўтиб рақибга босим ўтказишга ҳаракат қилди. Аммо “Бунёдкор” вакиллари қарши ҳужумда меҳмонларни жазолашга мувоффақ бўлишди. Табиийки, учрашув бошиданоқ бутун жамоа бўлиб олдинга ўтиш тўгри йўл эмаслигини майдон эгалари ўз тенгдошларига голлари орқали “ишора қилишди”. Мезбонлар кенг фронт бўлаб комбинацион ҳужумларини ташкил қилиб, рақибларини жарима майдони ичига қамаб, дарвоза томон тинмай зарбалар “шодаси”ни ёгдиришди.  Бундай вазиятлар табиийки,  “Локо” посбонини анча қийин аҳволга тушириб қўйди. Натижада меҳмонлар жуда кўп марта ўйинни майдон марказидан бошлашларига тўгри келди. Ҳисоб эса 10:0 - “қалдиргочлар” фойдасига.

Сериалнинг кулъминацион нуқтаси
1998 йил (9:0)
Бундан олдинги бахсда қайд этилган ўта йирик натижадан сўнг майдонга тушган ҳар икки жамоа учун ўйин қийин кечса керак деб ўйлаган таҳмин  ўзни оқламади. Сабаби “Локо” “алам” ўтида ёнаётган бўлса, “қалдирғочлар” йирик галабадан ҳаволаниб кетиши мумкин эди. Аммо бу сафар ҳам мезбонлар укаларидан кам эмасликларини исботлаш учун бор кучлари билан ҳаракат қилишди. Рақиб ҳимояси дастлабки ҳужумларни қайтарганда, ишончлироқ кўринган эди. Бироқ учрашув мобайнида бу қарашлар унчалик ҳам тўгри эмаслигига амин бўлдик. Майдон эгалари қанотларда яхши ҳаракат қилиб “темирйўлчилар”ни жарима майдони ичига қамаб қўйишди.  “Локомотив” дарвозаси томон йўл топиб олган “Бунёдкор” вакиллари навбатдаги голлар ёмгирини ташкил қилишди. Ушбу бахс 9:0 ҳисоби билан якунига етди.

Мантиқий якун
1997 йил (9:0)
Куннинг сўнгги учрашуви 1997 йили таваллуд топганлар ўртасида кечди. “Бунёдкор” кўк, “Локомотив” оқ либосда ҳаракат қилди.  Оқлар ўйиннинг 6-дақиқасига келиб кўкларнинг 6-рақамли футболчисига нисбатан жарима майдони ичида қўполлик ишлатишди. Натижада бош ҳакам меҳмонлар дарвозаси томон пенальти белгилади. Уни 11-рақамли Санжар Қодирқулов аъло даражада бажариб, ҳисобни очди. Тезкор голдан рухланган мезбонларнинг ўзларига бўлган ишончи икки хисса ошиб, тўп узатмалари аниқ чиқа бошлади. Ўз навбатида меҳмонлар ҳам таслим бўлишга ҳали эрта эканлигини тушуниб, олдинга ўтишга ҳаракат қилишди. Лекин уларнинг ҳавфли вазиятларини кўп холларда “қалдиргочлар”нинг 20-рақамли ҳимоячиси Ислом Қобилов узиб қўйди. Унинг ҳаракатлари, гавда тузилиши миллий терма жамоамиз аъзоси Анзур Исмоиловга ўхшаб кетади. Ҳаводаги тўпга бўлган курашда ҳам айнан у устунлик қилди. Натижада Исломнинг ҳаракатларидан рухланган жамоадошлари рақиб дарвозасини бирин-кетин ишгол қила бошлашди. Ўйин 9:0 натижаси билан якун топди.

                                                                                                                                                      Бекзод ИСАЕВ