Мураббийлар ҳақида

Дмитрий КИМ (1-лига)
Дмитрий Макарович Ким 1971 йил 9 апрелда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида туғилган. 10 ёшида Юқори Чирчиқ туманидаги Янгибозор қишлоғида футбол билан шуғулланишни бошлаган. Биринчи мураббийи Валерий Степанович Хом. 7-синфда Республика олимпия захиралари коллежига ўқишга кирди. У ерда 1989 йилгача ўқиди, сўнгра жисмоний тарбия институтида таҳсил олди.
Футболчилик фаолиятини 18 ёшида иккинчи лигада бошлаган. Сеулда ёшлар ўртасида халқаро турнирда ғалаба қозонган. 11 йил тўп тепган Дмитрий Ким 1992 йили футбол билан хайрлашади.
2003 йил Россиянинг Хабаровск шаҳрида мураббийлик соҳасига қадам қўйди. Бир йилдан кейин эса Ўзбекистонга қайтиб келди ва “Пахтакор”нинг 1993 йили таваллуд топган тарбияланувчиларига сабоқ бера бошлади. У ерда 2010 йилгача ишлади.Кейин Республика олимпия захиралари коллежида мураббийлик қилди.
2011 йилдан “Бунёдкор” футбол клуби академиясида ишлайди. Ўринбосарлар жамоасида ёрдамчи мураббий бўлди. 2013 йилдан 1-лига жамоасини қабул қилиб олди.
“Бунёдкор”ни танлашига асосий сабаб:
- “Бунёдкор” кучли клуб. Ҳар доим олдига максимал вазифаларни қўядиган, яхши шароитларга эга жамоа. “Бунёдкор” ўз номидан маълум – катта лойиҳа. Бу ерда иқтидоримни намоён қилишим учун имконият ва шароит яратиб беришди. Энди биз фақат меҳнат қилиб, ўз ишимиздан баҳраманд бўлишимиз керак.
Ҳозирги пайтда унинг шогирдларидан 10 таси ёшлар терма жамоасига номзод. Улардан 5 таси асосий таркиб ўйинчилари. Санжар Қодирқулов, Ислом Қобулов, Жавоҳир Эшонқулов, Турсун Раҳимбердиев, Нурулло Тўхтасинов кабиларнинг эртанги кунига ишонч катта.

Равиль БИКЧИНТАЕВ (2-лига)
Равиль Бикчинтаев 1973 йил 5 ноябрда Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида таваллуд топган. Профессионал футболчилик фаолиятини Чирчиқдаги “Чирчиқ” жамоасида (1992-1996) бошлаган. Кейинчалик “Кимёгар-Чирчиқ” (1996-1999), “Роҳат” (1999-2000), “НБУ-Осиё” (2000-2001) жамоалари шарафини ҳимоя қилди.
Равиль Бикчинтаев 2001 йилдан ўзи ўйнаган “НБУ-Осиё”да мураббийлик соҳасида ўзини синаб кўра бошлади. 7 йил пойтахт жамоасини бошқарди. Сўнгра Муборакнинг “Машъал”ида ишлади (2009-2011).
Равиль Бикчинтаев 2002 йили “C” ва 2005 йили “В” лицензияларини олган.
Кейинчалик “қалдирғочлар” академиясига келди. Айни пайтда 2-лига жамоасида бош мураббий. Мақсади “Бунёдкор” билан нафақат Осиёда балки, жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларда иштирок этиш. Бунинг учун бизда шароитлар ва имкониятлар етарли деб ҳисоблайди.
Равиль Бикчинтаев учун “Бунёдкор” нима?
- “Бунёдкор” – бу менинг ишим, ҳаётим, мен “қалдирғочлар” билан яшайман. Унинг бир қисми эканлигимдан фахрланаман.

Александр ХВОСТУНОВ (2-лига)
Александр Хвостунов 1974 йил 9 ноябрда Россиянинг Оренбург вилоятида таваллуд топган. 1980 йили Ўзбекистонга кўчиб келган. Отаси қашқадарёлик бўлгани учун 7 ёшидан Қарши шаҳрида футбол билан шуғулланишни бошлаган. Биринчи мураббийи Александр Зарипов.
Профессионал футболдаги фаолиятини 1991 йили собиқ иттифоқ иккинчи лигаси Марказий Осиё минтақасида Қаршининг “Геолог” жамоасида бошлаган.
Ўзбекистон чемпионати олий лигасида Александр Хвостунов (1998) “Пахтакор” жамоаси билан Ўзбекистон чемпиони, “Бунёдкор” клубида (2008-2009-2010) мамлакат чемпионлигини ва (2008-2010) Ўзбекистон кубогини қўлга киритган.
Футболчилик фаолиятини 2014 йили “НБУ-Осиё” жамоасида якунлади.
Шундан сўнг “қалдирғочлар” академиясида мураббий сифатида иш бошлади.
Нима учун айнан “Бунёдкор”ни танлаганига сабаб сифатида қуйидагиларни айтиб ўтди:
- “Бунёдкор”да менинг энг яхши йилларим ўтди. Бу ерда эсда қоларли ўйинларда майдонга тушдим. Шунинг учун “қалдирғочлар” академиясига келдим. Мен учун “Бунёдкор” - иккинчи уйим.
Унинг учун “Бунёдкор” оиласи каби муқаддас даргоҳ эканлигини ҳам қўшимча қилиб ўтди.
Ҳозирда “C” лицензияга эга.

Денис КОРОСТИЧЕНКО (1998 йил “Бунёдкор-А”)
Денис Коростиченко 1986 йил 11 июлда туғилган. Футболдаги биринчи мураббийи Қаҳрамон Ортиқбоев. 1996 йилда Сергелидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактабида таҳсил олган. 2000 йилдан бошлаб “Оқтепа” клубида шуғулланган. “Локомотив” (2002), “Қизилқум” (2003), “Сўғдиёна” (2005) каби клубларда тўп тепган. Умуман олганда, профессионал футболда Денис Коростиченко икки карра Тошкент чемпиони, “Наврўз кубоги” соҳиби.
2006 йилдан мураббийлик қила бошлаган. 2010 йилдан “қалдирғочлар” академиясида ёшларга таҳсил бериб келмоқда. Унинг тақдири бевосита “Бунёдкор” билан боғланганидан жуда мамнун. Бу ерда фаолият юритаётгани энг катта ютуғларидан эканини таъкидлайди.
“Бунёдкор”даги ютуқлари салмоқли экани эътиборга лойиқ. Масалан: Россиянинг Сочи шаҳрида Валентин Бубукин хотира турнирида 3-ўрин, Алушта шаҳрида бош соврин, 1992 йилда туғилган футболчилар билан Тошкент шаҳар чемпиони ва “Умид ниҳоллари” мусобақаси совриндори.
Ҳозирги кунда унинг қўл остида бир қатор маҳоратли ёшлар шуғулланмоқда. Дониёр Турсунов, Маъруф Жумаев, Жавоҳир Мусожонов, Юсуф Абдумажидов каби истеъдодли футболчилар билан мусобақаларда юқори ўринларни кўзламоқда.
Денис Коростиченко “C” ва “В” лицензияларга эга. 

Бахтиёр ДАДАМАТОВ (1998 йил “Бунёдкор-Б”)
1969 йил 13 февралда Тошкент вилоятида туғилган. 10-синфгача Чилонзордаги Республика спорт интернатида ўқиган. Дастлаб “Чиғатой” ва “Умид”да футбол ўйнаган Бахтиёр Дадаматов кейинчалик “Пахтакор” клубида фаолият юритган, сўнгра “Пахтакор-79” жамоасига ўтган. Ҳарбий хизмат чоғида МҲСКда ҳам тўп тепган. Ундан ташқари, Ўзбекистоннинг турли ёш тоифасидаги жамоаларида Миржалол Қосимов, Шуҳрат Мақсудов каби таниқли футболчилар билан бирга майдонга тушган. 2000 йили “НБУ-Осиё”да ўйновчи мураббий бўлиб ҳаракат қилган ва фаолиятини шу клубда тамомлаган.
2010 йили “C” лицензиясини олиб мурабийлик қила бошлади. Ўшанда “Ал Шабаб” клубининг академиясидан таклиф тушади. Лекин Рустам Акромовнинг маслаҳати туфайли Ўзбекистонда қолади. Олдида иккита вариант бор эди: “Бунёдкор” ва “Пахтакор”. Бахтиёр Дадаматов “Бунёдкор”ни танлади. Бунга асосий сабаб футболчи ва мураббийларнинг ўсиши ва дунёга машҳур бўлиши учун барча қулайликлар мавжудлигини таъкидлади.
2012 йилдан “қалдирғочлар” академиясида иш бошлади. Ҳозирги кунда 1998 йилги футболчилар билан 2-лигада иштирок этмоқда. Мана шу ёш тоифасидаги тарбияланувчилар ўтган йили Қозоғистондаги мусобақада бош соврин эгасига айланган. Бахтиёр Дадаматов шогирдлари Республика ва шаҳар биринчилигида иккинчи ўринни қўлга киритган.
Шогирдларидан Дониёр Турсунов ва Бурхон Усмоновдан умиди катта. Бу футболчилар келгусида “Бунёдкор”нинг асосий таркибидан ўрин олишига ишонмоқда.
“Қалдирғочлар” академиясида иш бошлаганига энди 3 йил бўлса-да, “Бунёдкор” ҳаётининг бир қисмига айланиб улгурганини таъкидлади. Унинг учун “Бунёдкор” қандай аҳамиятга эга эканлигини ифодалаш учун сўз бойлиги кам эканлигини айтиб ўтди.
Мақсади – ёшларнинг етук инсон бўлишларига ёрдам бериш!

Дилмурод Абдуллаев (1999 йил “Бунёдкор-А”)
Дилмурод Абдуллаев 1970 йил 28 сентябрда таваллуд топган. 17 ёшдан “Чиғатой”, “Диёнат” жамоаларида тўп тепади. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманининг “Бахт” (1993), Бекободнинг “Металлург” (1994), Чирчиқнинг “Сельмашевец” (1995), Тошкент вилоятининг “Лочин” (1996-97), Зарафшоннинг “Қизилқум” (1998), Тошкентнинг МҲCК (1998), Сирдарё вилоятининг “Янгиер” (2000) жамоалари шарафини ҳимоя қилган.
Дилмурод Абдуллаев 2001 йилдан мураббийлик қила бошлади. 2001-2008 йиллар оралиғида БЎСМ-3да болаларга футболдан сабоқ берди. 2009 йили “Спартак” клуби бош мураббийи этиб тайинланди. Сўнгра “Бунёдкор” академиясида “қалдирғочлар”га устозлик қилмоқда. Айни пайтда 16 ёшли футболчиларни тарбияламоқда.
2008-2010 йиллар мобайнида “C”, “В”, “А” лицензияларига эга бўлди.
Унинг жамоасида истеъдодли футболчилар кўп. Жаҳонгир Абдусаломов, Жавоҳир Қиличев, Суҳроб Иззатов турли мусобақаларда учрашув тақдирини ҳал қила олишади.
Асосий мақсади терма жамоаларда “қалдирғочлар” сонини кўпайтириш, ёшларни профессионал футболчи қилиб тарбиялашдир.

Азиз Хошимов (1999 йил “Бунёдкор-Б”)
Азиз Хошимов 1977 йили Фарғона вилоятида таваллуд топган. У 12 ёшидан Тошкентдаги спорт мактабида футбол сир-асрорларини ўрганган. 1995 йили “Пахтакор” футбол клуби билан шартнома имзолади ва “шерлар” сафида 3 йил тўп тепади. 2000 йилда эса хорижга, Молдавияга йўл олади. У ердаги бир йиллик фаолияти давомида Европа Лигаси ўйинларида иштирок этган. Азиз Хошимов 3 йил Қозоғистоннинг “Тараз” ва “Қайрат” клубларидашарафини ҳимоя қилган. Сўнгра 2004 йили Англияга бориб, премьер-лигадан иккита паст лиганинг “Нucknall” жамоаси аъзосига айланган. 2005 йили ўша лига клублари ўртасида кубок мусобақаси финалида иштирок этган.
Азиз Хошимов 2006 йили футболчилик фаолиятини тугатди. Футболга бўлган меҳр уни миллионлар ўйинига яна қайтарди. Фақат бу сафар мураббий сифатида. У 2010 йили Лондонда “C”, кейинчалик Тошкентда 2012 йили “В”, 2014 йили “А” лицензияларини олди.
2011 йилдан “Бунёдкор” футбол клуби академиясида иш бошлади. Дастлаб, 2003 йил таваллуд топган болаларга устозлик қилган Азиз Хошимов кейинчалик 2001 йил туғилган футболчиларни қабул қилиб олди. Айни пайтда 16 ёшлиларга сабоқ бермоқда.
- Футболчилар билан кўп мулоқотда бўламан. Қандай муаммо ёки камчиликлари борлигини сўраб, имкон қадар бартараф этишга ҳаракат қиламан. Қолаверса, шогирдларим бу йилги Тошкент шаҳар биринчилигида анча яхши натижаларни қайд этишмоқда. Жамоани ғалабалар сари етаклай олаётганимдан хурсандман. Футболчилар ҳозир турли ҳолатда. Кимдир майдонни яхши кўра билиши мумкин, лекин куч жиҳатдан ўйлаган ишини амалга ошириши қийин. Баъзилар эса зарбаси ва жисмоний жиҳатдан устун, бироқ фикрлаш доираси тор. Шунинг учун ёшларни ҳар томонлама кучли қилиб тарбиялашимиз керак. Тўғри ва ҳалол футбол ўйнашни, майдонда рақибига нисбатан инсонийликни йўқотмаслигини ўргатишимиз даркор, - дейди Азиз Хошимов.

Отабек ҒУЛОМХЎЖАЕВ (2000 йил “Бунёдкор-А”)
Отабек Ғуломхўжаев 1982 йил 31 октябрда Тошкент шаҳрида дунёга келган. 1991 йили отаси уни футбол мактабига олиб боради. Унинг биринчи устози Сайфиддин Эрматов. Отабек 1998 йили профессионал фаолиятини иккинчи лиганинг “Мирободчи” жамоасида бошлаган. Ўша жамоада икки йил ўйнади. Кейинчалик (2000-2001) “Трактор” клубининг ўринбосарлар таркибида тўп тепди. Бир йилдан кейин “Андижон” сафига ўтган Отабек Ғуломхўжаев жиддий жароҳат олди ва футболни тарк этишга мажбур бўлди.
2003 йили мураббий сифатида фаолият кўрсата бошлади. “Пахтакор” академиясининг 1995 йилда туғилган тарбияланувчиларини бошқарди. 2007 йилдан “Бунёдкор” футбол клуби академиясида ишлаб келади. Ҳозирда 2000 йил таваллуд топган “қалдирғочлар”га устозлик қилмоқда.
У ОФКнинг ПРО лицензиясига эга.
Мураббийликдаги ютуқлари: Тошкент шаҳар биринчилигида бир неча бор зафар қучган. Туркияда халқаро турнирда биринчи ўрин, Сочидаги халқаро турнирларнинг 3 карра ғолиби, Жанубий Корея, Хитой, Шимолий Кореядаги халқаро мусобақалар ҳолиби ва совриндори, Рига шаҳридаги “Рига CUP” мусобақаси совриндори, Қозоғистонда ташкил этилган хотира турнирларида бош совринни қўлга киритди.
Отабек Ғуломхўжаев иқтидорли шогирдларидан Расул Йўлдошев ва Мардон Абдуллаевни алоҳида эътироф этиб ўтди.
Мураббий ўз мақсад ва вазифалари ҳақида гапирар экан шундай дейди:
- Шогирдларим олдига ўйинда ғалаба қозонишни асосий мақсад ва вазифа қилиб белгиламайман. Улар учун айни пайтда фақатгина ғалаба қозониш эмас, балки ҳозирдан профессионаллик руҳида шаклланишлари жуда муҳим. Ҳозир фақат натижа талаб қилиб, турли йўллар билан совринлар ютсак, кўп хатолар кўринмасдан қолиб кетиши мумкин. Йиллар ўтиб, уларнинг ўйинлари чиқмаса ундан ёмони йўқ. Одамлар ўша кўплаб мусобақаларда зафар қучган футболчилар қани? дея мурожаат қилишга ҳақли. Шундай экан ҳозирдан ёшларни ҳалол футбол ўйнашига, техник ва жисмоний ҳолатларига эътибор қаратишимиз зарур. Ана шунда катта футболда натижалар ўз-ўзидан келаверади. Ҳамма шогирдларимиздан ҳам яхши футболчи чиқмаслиги табиий. Лекин оз бўлсаям, олий лигада ёки хорижда тўп тепадиган ўйинчилар бўлса, ана шуниси ютуқ!

Самат НАРЗИҚУЛОВ (2001 йил “Бунёдкор-Б”)
Самат Эркинович Нарзиқулов 1968 йил 6 февралда Самарқанд шаҳрида туғилган. Футбол билан шуғулланишни 10 ёшидан бошлаган. Биринчи мураббийи Владимир Анатольевич Егоров. 1994 йили Самарқанднинг “Динамо” клубига таклиф қилинди. У ерда жамоа билан 1-лигадан олий лигага чиқди. 1997 йили “Пахтакор”га ўтди ва Ўзбекистон кубогини қўлга киритди. 1998 йили Хоразмда тўп тепди. Футболчилик фаолиятини 2002 йили Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасида якунлади.
Ҳозирда “C” ва “В” лицензияларига эга.
“Бунёдкор” академиясига 2010 йил ишга келган. Дастлаб, 2-лига жамоасини бошқарди. Жамоа билан “Мустақиллик кубоги”да зафар қучиб, келаси йили Ўзбекистон кубогининг биринчи босқичида ўйнаш имконига эга бўлди. Шундан сўнг 1-лигада иштирок этди.
Олий лигада Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасида Мурод Отажонов билан бирга фаолият юритган Самат Нарзиқулов эндиликда “Бунёдкор” футбол мактабида 2001 йилда туғилган болаларга мураббийлик қилмоқда. Россиянинг Қозон шаҳридаги халқаро мусобақада, Тошкентда Жўра Хоназаров хотира турнирида совриндор бўлди.
Самат Нарзиқуловнинг истеъдодли шогирдлари сирасига Бекзод Низомиддинов, Музаффар Олимжонов, Зокир Хасанов, Даврон Анваров кабиларни киритиш мумкин.
Самат Нарзиқулов “қалдирғочлар” академиясида ишлаётган тажрибали мураббийлардан. “Бунёдкор” сиз учун нима? деган саволга қуйидагича жавоб берди:
- “Бунёдкор” мен учун ҳамма нарса демакдир. Боиси, бу ерда яратилган шароитлар, мураббийларга берилаётган эътибор ва бошқалар ҳаммаси юқори савияда ташкил этилган. Шундай экан, биз фақат меҳнат қилишимиз, жамоаларимизга муносиб футболчиларни тарбиялаб беришимиз даркор!

Акмал РИСҚУЛЛАЕВ (2002 йил “Бунёдкор-Б”)
Акмал Рисқуллаев 1979 йил 24 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 8 ёшида “Пахтакор” футбол клуби академиясига борган. У ерда 16 ёшгача шуғуллангач, иккинчи лигада “Ватанпарвар” ҳарбий спорт клуби сафида майдонга туша бошлади. Сўнгра Рустам Мирсодиқов уни олий лигага таклиф этди. Акмал 14 йиллик профессионал фаолияти давомида “Шўртан”, “Навбаҳор”, “Локомотив”, “Трактор”, “Динамо”, “Қизилқум” каби клубларда ўйнаган. Шунингдек, Қозоғистоннинг “Ясси Сайрам” жамоасида ҳам бир ярим йил тўп тепган.
- Футболни танлаб кам бўлмадим. Бир қатор кучли жамоалар шарафини ҳимоя қилганимдан хурсандман. Турли мураббийлар қўл остида шуғулланиб, тажриба орттирдим. Энди ўзим ёшларга сабоқ беряпман, - дейди Акмал Рисқуллаев.
2012 йилдан Сергей Лушчан таклифига биноан Акмал Рисқуллаев футболчиликда ўрганган билимларидан фойдаланиб, ёш “қалдирғочлар”га таълим бера бошлади. Ўз навбатида, “C” тоифадаги лицензияга эга бўлди.
“Бунёдкор” академиясида иш бошлаганига кўп бўлмаган Акмал Рисқуллаев маълум муддат 8-9 ёшли тарбияланувчиларга сабоқ берди ва улар билан Туркиядаги халқаро турнирда биринчи ўринни қўлга киритди. Бу унинг халқаро майдонда мураббийлик соҳасидаги дастлабки унвони экани эътиборга молик.
Шунингдек, 2002 йили туғилган тарбияланувчилари Кореядаги турнирда зафар қучишган. Акмал Рисқуллаев Тошкент шаҳар биринчилигида ўз шогирдларининг имкониятларини юқори баҳолашини ҳам айтиб ўтди. Улар орасида айниқса, истеъдодли дея қараётган Отабек Жўрақўзиев, Жасур Жалолиддинов, Диёр Раҳимқулов, Абдурауф Бўриев каби футболчилардан умиди катта.

Фурқат САМЕГОВ (2003 йил “Бунёдкор-А”)
Фурқат Самегов 1982 йили Тошкентда туғилган. Чилонзордаги 78-мактабда таҳсил олади. Футбол билан шуғулланишни 9 ёшидан бошлаган. Биринчи мураббийи ўша пайтлар нафақат Республикада балки, ҳозирги МДҲ давлатлари орасида ҳам машҳур Александр Михайлович Якушин. 10 йил айнан Александр Михайлович қўл остида шуғулланди ва катта футболга қадам қўяди. 2 йил иккинчи лигада тўп тепгандан кейин (2001-2003) “Машъал”да ўйнади. Сўнгра, “Локомотив” ва “Спартак” жамоалари шарафини ҳимоя қилди. Айниқса, 2008 йили “Спартак”ни биринчи лигага олиб чиқишда унинг ҳам хизматлари катта бўлган.
2005 йили олий ўқув юртини тамомлади. Ўша пайтдан мураббийлик фаолиятини бошлади. Бир неча мавсум “Локомотив” БФКда тажриба тўплади. 2008-2010 йиллари “Спартак”да фаолият юритди. 2012 йилдан “Бунёдкор” академиясининг мураббийлар штабига қабул қилинди.
2015 йил “Б” лицензияси учун таҳсил олди.
2013 йили Қримдаги халқаро турнирда 15 жамоа ичида бешинчи ўрин билан кифояланди. Ўтган йили шогирдлари билан Туркиядаги мусобақада иштирок этди.
- Бу ерда ишлашни ҳамма орзу қилади. Чунки шароитлар жуда ҳам зўр. Дастлаб, Денис Коростиченкога ёрдамчи мураббий бўлдим. Кейинчалик “А” жамоага ўтказишди. Ишончни оқлаяпман деган умиддаман. Ҳозир 2003 йил таваллуд топган тарбияланувчиларга бош мураббийлик қилмоқдаман. Яхши ўйинчилар “А” ва “Б” жамоаларда етарлича топилади. “Б” жамоа ўйинлари орқали биринчи таркибдан қолишмаслигини кўрсатмоқда. Жамоавий ўйинимиз шаклланганлиги боис бирор бир футболчини яққол ажратиб кўрсата олмайман. Қайсидир футболчи жисмоний жиҳатдан, яна кимдир фикрлаш, бошқалари эса техник маҳорати бўйича устун. Лекин Исмоил Абдураҳмоновнинг интилишига қойил қоламан. Футболчи тинмасдан меҳнат қилиб, жамоада ўз ўрнини топишга эришди, - дейди Фурқат Самегов.

Алишер ИБРОҲИМОВ (2003 йил “Бунёдкор-Б”)
Алишер Иброҳимов 1977 йил 2 июлда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида туғилган. 7 ёшдан Қарши шаҳридаги футбол мактаб-интернатида шуғуллана бошлаган. Орадан 8 йил ўтиб “Насаф” клубининг ўринбосарлар жамоасига киритилган. 1996-1998 йиллар мобайнида бош жамоа сафида ўйнади. Кейинчалик икки мавсумни “Шўртан” сафида ўтказди. 2000 йили ғузорликлар шарафини ҳимоя қилаётган пайтда оғир жароҳат олди ва шифокорлар маслахатига кўра футболчилик фаолиятини эрта якунлашга мажбур бўлди.
Миллионлар ўйинига қизиқиш уни мураббий бўлишига ундади ва Алишер ўзи футбол ўйнашни ўрганган интернатда иш бошлади. У ерда Самандар Шодмонов, Баҳодир Муртазоев, Кенжа Тўраев, Адҳам Нормуҳаммедов каби футболчиларни олий лига учун кашф қилган. Қашқадарёда мураббийлик соҳасида 7 йил тажриба тўплагач, пойтахт томон йўл олади.
Тошкентда “Дўрмон” жамоасида Ойбек Усмонхўжаевнинг ёрдамчиси вазифасида иш бошлади. Ундан сўнг “Локомотив”да бир неча ой фаолият олиб борди. Кейин яна “Дўрмон” жамоасига қайтди. У ерда 3 йил мураббийлик қилиб, жамоасини шаҳар биринчилиги чемпиони қилди. Таркибни сақлаб қолган Алишер Иброҳимов кейинги мавсум иккинчи лигада ҳам бош совринни қўлга киритади. Бироқ ўсиб бораётган клуб ҳомийлари молиявий муаммоларга дуч келишди.
Алишер Иброҳимов 2012 йилдан бошлаб “Бунёдкор” клубида селекция ишларига масъул бўлади. Икки йил ўтиб “қалдирғочлар”нинг 2008 йили туғилган тарбияланувчиларига мураббийлик қилди. Айни пайтда эса 2003 таваллуд топган футболчиларга устозлик қилиб келмоқда.
Алишер Иброҳимов мақсадлари ҳақида қуйидагиларни айтиб ўтди:
- Энг замонавий талабларга жавоб берадиган “Бунёдкор” академиясида ишлар эканман, бундан жуда мамнунман. Ҳар кимга ҳам бундай шароитда ишлаш насиб этавермайди. Шу боис, биз бор кучимизни ишга солиб, ёшларга тўғри йўл кўрсатиб, футбол элементларидан сабоқ бериб, ҳалол футбол ўйнашга ва асосийси майдонда рақибига нисбатан инсонийликни йўқотмасликка ўргатишимиз даркор! Маҳмуд Муҳамаджонов, Пўлат Холдорхонов, Иброҳим Эргашев, Хондамир Алибеков каби футболчиларимиз жамоани ўз ортларидан эргаштира олишади деган умиддаман. Чунки уларнинг ҳаракатлари, теҳник маҳорати ва шерикларини яхши тушунишлари фойда беради деб ўйлайман.

Миркомол ҚОСИМОВ (2004 йил “Бунёдкор-А”)
Миркомол Қосимов 1991 йил 23 июлда Тошкент шаҳрида туғилган. 9 ёшдан Оқтепа футбол мактабида Дониёр Нортожиевга шогирдликка тушди. Кейинроқ Чиғатойда Марат Кабаев ва Ҳикмат Эргашевдан футбол сирларини ўрганди. 2005 йилдан “Бунёдкор” ўринбосарлар жамоаси орқали катта футболга кириб келган. 2006 йили Ҳикмат Эргашев ва Мурод Отажонов қўл остида шуғулланди. 2009 йилдан мураббийлик фаолиятини бошлаган.
Айни пайтда “C” лицензияга эга.
Дастлаб, ёрдамчи мураббий сифатида 14 ёшликлар ўртасидаги турнирда биринчи ўринни қўлга киритган. Сўнгра Отабек Ғуломхўжаевнинг ёрдамчиси сифатида 11 ёшли тарбияланувчилар билан Ростовдаги турнирда иккинчи поғонани эгаллаган.
Ҳозирги кунда 2004 йилда туғилган футболчиларга устозлик қилиб келмоқда. Қолаверса, ушбу ёш тоифасидагилар билан 2013 йили Россиянинг Сочи шаҳридаги халқаро турнирда бош совринни қўлга киритди. 2014-2015 йилларда Туркиядаги мусобақада кучли учликка киришга эришди.
“Бунёдкор” макабини ўз олдига доимо улкан мақсад қўядиган, Осиёдаги энг кучли академиялардан деб изоҳлайди. Орзуси шогирдларини турли ёш тоифасидаги терма жамоалар ва “Бунёдкор”га муносиб ўйинчилар қилиб тайёрлаш. Бу борада тинмай изланмоқда. Ёш мураббий бўлишига қарамай халқаро майдонларда ижобий натижаларни кўрсатмоқда. Кучли рақибларга қарши учрашувларда шогирдларига ўзига бўлган ишонч билан ҳаракат қилишни уқтиради ва бунинг уддасидан чиқиб келмоқда. Мисол учун мазкур йил Туркиядаги халқаро турнирда 3-ўрин учун Германиянинг “Вердер” жамоасига қарши бахсда унинг тарбияланувчилари рақибидан ҳайиқмасдан, уларнинг номларидан таҳликага тушмасдан ўйин ўтказиб, ғалаба қозонганини фахр билан тилга олди. Ёш футболчилари, жумладан, Шаҳзод Акбаралиев ва Аъзим Ҳусанов кабилар, бўлажак беллашувларда ҳам ўзларини кўрсатишига ишонади.

Тимур БОБОХОНОВ (2004 йил “Бунёдкор-Б”)
Тимур Бабаханов 1989 йил 2 июлда Тошкент шаҳрида туғилган. 9 ёшидан Тошкентдаги “Динамо” мактабида таҳсил олган. У ерда 2 йил шуғулланиб, “Пахтакор” академиясига ўтган. 14 ёшида яна “Динамо”га қайтган. Футболчилик фаолияти давомида 2008-2009 йиллари “Бунёдкор” ўринбосарлар жамоасида, 2010 йили биринчи лигада Тошкентнинг “Спартак” жамоаси сафида ва Қирғизистонда тўп тепган.
2012 йили “Бунёдкор” академиясида мураббийлик соҳасида ўзини синаб кўришга жазм этди. Уч йилдан бери 11 ёшли тарбияланувчиларга футболдан сабоқ бермоқда.
Мураббийликда “C” лицензияга эга.
Тимурнинг “Бунёдкор”ни танлашига асосий сабаб ушбу клубда тўп тепганидир. Жамоада ўйнаган даврида кўпчилик билан яхши муносабатда бўлган, ички муҳит ва яратилган шароитлар аъло даражадалиги уни “қалдирғочлар” академияси томон чорлаган.
Мураббийликдаги дастлабки совринини 2014 йили Сочи шаҳрида қўлга киритган. Эътиборлиси, ўша мусобақанинг бош совринига эга бўлганди. Жорий йилда эса Туркиядаги турнирда 3-ўрин билан кифояланишди.
Шогирдлари орасида жамоа сардори Дилмуҳаммад Гиноятовнинг ўйинлари алоҳида эътиборга молик эканлигини айтди. Шунингдек, ярим ҳимоячи Абдулазиз Султонмуродов ва дарвозабон Абдурашид Рихсибоев ҳам жамоанинг таянчи эканликларини таъкидлади.
- “Бунёдкор”да ишлаётганимга энди 3 йил бўлди. Шу боис бошқа тажрибали устозларимдан кўп нарсаларни ўрганишим керак. Келажакда улар каби ютуқларга эришиш учун жуда кўп меҳнат қилишим даркор ва бу борада олдимга вазифалар белгилаб олганман.

Аъзамжон ҲАФИЗОВ (2005 йил “Бунёдкор-А”)
Аъзамжон Ҳафизов 1978 йил 2 сентябрда Наманган вилояти Чортоқ туманида таваллуд топган. 1992-1995 йилларда Республика олимпия заҳиралари коллежида таҳсил олган. Сўнгра “Навбаҳор”да мураббийлик қилаётган Виктор Жалилов уни жамоага таклиф қилган. Қолаверса, ўша пайтда Голландиянинг “Фейеноорд” клубидан таклиф тушган ва у ерда бир ой машғулотларда ўзини кўрсатишга уриниб кўрган. Алвон лолалар юрти вакилларига маъқул келгандану, аммо томонлар ўзаро келиша олмагани натижасида “Навбаҳор”га қайтган. Наманганда 1995-2000 йиллари ўринбосарлар ва асосий жамоа шарафини ҳимоя қилди. 2001-2004 йилларда Муборакнинг “Машъал”ида тўп тепди. 2006-2010 йиллари “НБУ-Осиё”да фаолият олиб борди. Сўнгра ушбу жамоада 2 йил ўйновчи мураббий бўлиб ишлади. Шу тариқа, мураббийликка кириб келади.
2012 йилдан “қалдирғочлар” футбол мактабида 10 ёшли футболчиларга устозлик қилмоқда.
“C”, “В” лицензияларига эга.
Мураббийликдаги энг катта ютуғи – шу йил клубимизнинг 10 йиллик юбилейи муносабати билан 10 ёшли футболчилар ўртасида ўтказилган ““Бунёдкор” кубоги-2015”да бош совринни қўлга киритиб, байрамга муносиб совға тайёрлай олганидир. Истеъдодли футболчилари сирасига Тимур Бахтиёров, Искандар Солиев, Маҳмуд Исломов, Мусахон Баҳодирхонов кабиларни киритиш мумкин. Улар ёрдамида жамоа анча мазмунли ўйинлар ўтказишига умид қилмоқда.
- Голландиянинг “Фейеноорд” жамоаси кўригига борганимда у ердаги шароитларни кўриб ҳавас қилганман. Айни пайтда “Бунёдкор” академияси Ўрта Осиёда ягона. Мен Голландиядаги академияда кўрган шароитлар ҳозир бу ерда мужассам. Ёшларнинг шуғулланишлари учун барча шарт-шароит яратилган. Улардан талаб этиладигани яхши футболчи бўлиб вояга етишдир. Ёш футболчилардан қандайдир маррани забт этишни ёки натижани талаб қилмайман. Тўғри, ижобий натижалар ёқимли. Лекин бу ёшдаги футболчиларни ҳалол ўйнашга ўргатганимиз маъқул. Шунда улар профессионал футболчи бўлиб етишишади. Бизнинг меҳнатларимиз ҳам бу ёшлар катта футболда эришган ютуқларида билинади, - дейди Аъзамжон Ҳафизов.

Бахтиёр ЖЎРАЕВ (2005 йил “Бунёдкор-Б”)
Бахтиёр Жўраев 1978 йил 6 февралда Наманган вилояти Косонсой туманида туғилган. Кўпчилик қатори футбол билан 7 ёшдан шуғуллана бошлаган. Биринчи мураббийи Илҳом Бобоев ҳисобланади. 1993-1995 йиллари “Косонсойчи” жамоаси шарафини ҳимоя қилди. Орадан икки йил ўтиб “Навбаҳор” ёшлар жамоаси таркибида “Пахтакор”даги ўз тенгқурларини мағлуб этиб, футболчиликдаги биринчи совринини қўлга киритди. 1996 йили “Навбаҳор-2”, 1997 йили “Навбаҳор” клуби ўринбосарлари ва кейинги мавсумдан бошлаб 1999 йилгача Наманганнинг асосий жамоасида тўп тепди. Олий лигада 6 йил фаолият олиб борди: “Қизилқум”, “Машъал”, “Андижон”, “Металлург”, “Шўртан” жамоалари шарафини ҳимоя қилди. “Бунёдкор” клуби бош директори Бахтиёр Бобоев катта футболда унга йўл кўрсатгани ва қўллаб-қувватлагани эътиборга молик.
3 йил муқаддам футболчиликни тамомлаган Бахтиёр мураббийликда ўзини синаб кўришга аҳд қилди ва фаолиятини Наманганда бошлади. 2014 йилдан эса “Бунёдкор”да 10 ёшлик футболчиларга устозлик қилмоқда.
ОФКнинг “C” лицензиясига эга.
Унинг энг катта ютуғи “қалдирғочлар”нинг 10 йиллигига 10 ёшлилар ўртасида ташкил этилган ““Бунёдкор” кубоги-2015”да ўз шогирдларини чемпион қила олганидир. Искандар Солиев, Собир Рихсиддинов, Сардор Султонов, Жасур Ҳикматуллаев, Ҳуршид Мамаражабов каби футболчилардан умиди катта.
Бахтиёр Жўраевнинг “Бунёдкор”ни танлашига асосий сабаб, бу ердаги шароитлар, ишларнинг профессионал даражада йўлга қўйилганлиги, мураббийларга берилаётган эътибор ва келажаги бор жамоа эканлигини айтиб ўтди. Орзуси асосий жамоани бошқариш эканини қўшимча қилди.

Сарвар МУСТАФОЕВ (2006 йил “Бунёдкор-А”)
Сарвар Мустафоев 1990 йил 8 августда Қашқадарё вилоятида туғилган. Футбол билан 6 ёшидан шуғуллана бошлаган. Биринчи мураббийи Шамил Жумаев. 14 ёшида “Машъал” академиясига қабул қилинган. У ерда икки йил таҳсил олгандан кейин ўринбосарлар сафига ўтказилган. Ўша пайтлар Муборакда Миржалол Қосимов ўйновчи мураббий эди. 2008 йили “Машъал” Қозоннинг “Рубин” жамоаси билан келишув асосида Сарварни Россияга юборади. 6 ойлик фаолияти мобайнида “Рубин-2” сафида тўп тепади. Ярим йилдан кейин ўзи таҳсил олган жойга қайтиб келади. 2009 йили “Насаф”нинг ва 2010 йили “Локомотив”нинг 1-лигадаги жамоаларида ўйнайди. Бир мавсум ўтгач ўринбосарлар жамоасига жалб этилади. Унинг футболчиликдаги сўнгги клуби 2012 йили “Олмалиқ” бўлган.
Тошкент давлат жисмоний тарбия институтини (2012) тамомлаган.
“C” ва “В” лицензияларини олган.
Ўша йили “Бунёдкор” академиясига қабул қилинди. Унинг “қалдирғочлар” академиясидаги дастлабки шогирдлари 8 ёшли тарбияланувчилар эди. Кейинчалик “Бунёдкор-Б”нинг (1998) таваллуд топган футболчилари билан 3 йил ишлади. Жорий йилдан 9 ёшли футболчиларга бош мураббий.
1999 йили туғилган тарбияланувчилар жамоаси ёрдамчи мураббийи сифатида “Пахтакор-79” хотира турнири ғолиби саналади. 2006 йилги ёшлар билан Акмал Азизхўжаев хотира турнирида 3-ўринни эгаллаган.
- Футболчиларни ажратмайман. Майдонда ҳамма ҳаракат қилади. Лекин жамоада етакчилар бўлиши аниқ. Абдураҳмон Абдусаматов, Шамсиддин Ҳалимтоев, Миржалол Азимов, Зуҳриддин Мустафоев кабилар жамоани ортларидан эргаштира олади.
“Бунёдкор” академиясида ишга муносабат профессионал даражада йўлга қўйилгани Сарвар Мустафоевнинг “қалдирғочлар” сафига келишига туртки бўлган. Мақсади ўсмирларнинг етук футболчи бўлишига эришиш, “Бунёдкор” ва турли ёшдаги терма жамоаларга муносиб ўйинчиларни кашф қилиш. Шунинг учун ҳозирдан уларни тўғри йўлга солишдир. Бу борада Сарвар Мустафоев тинмасдан изланишда давом этмоқда.

Александр Михайлович СЕМЁНОВ (дарвозабонлар мураббийи)
Александр Михайлович Семёнов 1955 йил 13 мартда Украинада туғилган. Бир неча йилдан кейин оиласи билан Белоруссиянинг Минск шаҳрига кўчиб ўтади. 3-синфдан бошлаб Вячеслав Серафимович Левников қўл остида шуғулланади. Бўйи баландлиги учун дарвозабон бўлишқа қарор қилади. Ёшлигидан шаҳар ва республика миқёсидаги мусобақаларда иштирок этган. Турнирларда ўзини кўрсатган Александрни вилоят терма жамоасига таклиф қилишади. 9-синфдалигида Белоруссия терма жамоасига чақирилади.
1972 йили Минскнинг “Динамо” клуби билан Францияда ўтган мусобақада биринчи ўринни эгаллагач, хоҳлаган олий ўқув юртига имтиҳонсиз кириш ҳуқуқига эга бўлган. У спорт институтини танлади. 1976 йили олий ўқув юртини тамомлагач, Ўзбекистоннинг “Шаҳрихон” клубидан таклиф олган. Кейинчалик “Зарафшон”, “Бухоро”, “Целинник”, “Чирчиқ”, “Кимёгар”, “Косонсой”, “Янгиер”, “Металлург”, “Динамо”, “Роҳат” каби жамоаларда ўйнади.
Футболчилик фаолиятини якунлагандан кейин мураббийликда ўзини синаб кўради. 2008 йилдан бери “Бунёдкор” академиясида дарвозабонлар билан ишлайди.
“C” ва “Б” лицензияларига эга.
“Бунёдкор”даги шароит, иш жараёнлари ва мураббийларга кўрсатилаётган эътибор Александр Михайловични “қалдирғочлар” жамоасига чорлади ва янада илҳомлантирди.
“Бунёдкор” сиз учун нима? деган саволга у қуйидагича жавоб берди:
- “Бунёдкор” - менинг ҳаётим, менинг севимли ишим, менинг ноним. Мен ушбу жамоа аъзоси эканлигимдан фахрланаман.

Аҳмад ИНОЯТОВ (дарвозабонлар мураббийи)
Аҳмад Иноятов 1973 йил 31 январда Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида туғилган. 1976 йилдан бошлаб Тошкент шаҳрида истиқомат қилади. 1980 йили отаси уни Тошкентдаги Чиғатой футбол мактабига олиб боради. Бўйи баландлиги учун дарвозабон бўлишга қарор қилади. У ерда бир неча бор Тошкент шаҳар биринчиликларида иштирок этди ва пойтахт терма жамоаларига номзод бўлди. Кейинчалик Ўзбекистон ёшлар терма жамоаларига чақирув олди. Ўша пайтлари Павел Бугало, Руслан Аҳмедхонов, Олег Горвиц, Георгий Забиров, Шавкат Абдухўжаев каби дарвозабонлар билан бирга Александр Георгиевич Мягков, Виталий Баймуратович Суюнов, Рауф Талгатович Инилеев қўл остида шуғулланган.
Аҳмад Иноятов фаолиятини ҳаваскор жамоаларда бошлаган. Жумладан, Халқобод туманидаги “Соҳибкор”, орадан йиллар ўтиб, Тошкентнинг “Диёнат” футбол клубида биринчи лигада тўп тепди. 1994 йили янги ташкил этилган “Истиқлол” жамоаси сафида ўйнади. 1995 йили “Янгиер” клубидан таклиф олди. Жамоа таркибида мухлисларга яхши таниш Рўзиқул Бердиев, Бахтиёр Давлатов, Зокир Бердиқулов, Марат Галимов, Владислав Сидоров ва бошқалар бор эди. 1998 йили Жиззахнинг “Сўғдиёна”сига бориб қўшилди. Ўша йили жиззахликлар клуб тарихидаги энг юқори чўққини забт этишган, яъни “Сўғдиёна” олий лигада тўртинчи ўринни эгаллади. Бир йилдан кейин “Янгиер”га қайтди. 2000 йили “Машъал” клуби шарафини ҳимоя қилди.
2000-2010 йилларда асосий мутахассислиги, яъни юридик соҳада ишлади. Лекин футболни тарк этмади. Тошкент шаҳри жамоалари билан иккинчи лигада иштирок этди. 2004 йили “Саҳоват” жамоаси сафида “Мустақиллик кубоги”ни қўлга киритди.
2013 йили “C” лицензиясини олди.
2014 йилдан “Бунёдкор” академиясида дарвозабонлик сир-асрорларини ёшларга ўргатмоқда. Мақсади Ўзбекистон дарвозабонларининг шон-шуҳратини дунёга ёйиш.